Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Малайзия бош вазири БМТдан Исроилни жавобгарликка тортишни сўради

Малайзия бош вазири БМТдан Исроилни жавобгарликка тортишни сўради

Халқаро ҳамжамият Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига уюштирган босқини учун Исроилни жавобгарликка тортиши керак. Бу ҳақда Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим баёнот берди.

«Малайзия халқаро ҳамжамият, хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгашини мудҳиш жинояти учун Исроил режимини жавобгарликка тортишга чақиради. Айни чоқда, барча ҳибсга олинган фаластинликларни зудлик билан озод этишни талаб қилади», – деб ёзди бош вазир Twitter платформасида.

Малайзия етакчиси халқаро ҳамжамиятни Исроил томонидан тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи провокациялар содир этилишини тўхтатиш борасида фаолликка ундади.

«Малайзия ҳар доимгидек Фаластин халқи билан бирдамлиги ва Қуддуси шариф мусулмон умматининг муқаддас маскани мақомида эканини тасдиқлайди», – дейди Анвар Иброҳим.

Малайзия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида ҳам Исроил махсус кучларининг Ал-Ақсо масжидига уюштирган босқини нафратга лойиқ экани, ушбу амалиёт ортидан фаластинликларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилгани таъкидланган.

«Фаластинликлар 1967 йилга қадар бўлган чегараларда, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил давлатга эга бўлишга ҳақлидир. Малайзия ушбу позициясида собит», – дейилади расмий Куала-Лумпур баёнотида.

Аввал хабар берганимиздек, Исроил хавфсизлик кучлари 4 апрель кечаси ва 5 апрель субҳида Ал-Ақсо масжидига бостириб кириб, намоз ўқиётган юзлаб фаластинликларга нисбатан шовқинли граната, заҳарли газ, резина ўқлар билан ҳужум қилган.

Босқин давомида 350 дан зиёд фаластинлик ҳибсга олинган. Ибодатга келган ўнлаб киши яраланган.

Кетма-кет учинчи бор Рамазон ойида муқаддас масжидга ҳужум уюштирилгани мусулмон дунёси томонидан кескин қораланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йили олти кунлик урушдан кейин босиб олган. Халқаро ҳамжамият эътирозларига қарамай, Исроил маъмурияти Қуддус тўлиғича ўзига тегишли экани ва яхлит пойтахт эканини даъво қилмоқда. Фаластинликлар эса Шарқий Қуддус мустақил давлатнинг бўлғуси пойтахти бўлишига умид қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг