Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мактабида битириш имтиҳонлари йўқ мамлакат

Мактабида битириш имтиҳонлари йўқ мамлакат

Фин мактаб таълими дунёдаги энг яхши таълим ҳисобланади. Бу кўплаб мамлакатлар томонидан эътироф этилган. Финляндия таълимининг бош тамойили: ўқувчилар баҳо ҳақида эмас, билим ҳақида ўйласин. Таълим болаларга қувонч бағишласин. Финларнинг ҳисоблашича, яхши таълим, бу – болаларга яхши бўлгандаги таълимдир. Эътиборингизга Финляндиядаги болаларни ўқитиш тизимининг энг асосий тамойилларини ҳавола этамиз.

  1. Тенглик тамойили

Ушбу тамойилга кўра, ҳар бир мактабдаги таълим жараёни тенг имкониятларни: мутаносиб молиялаштириш ва бир хил жиҳозланишни қамраб олади. «Кучли ва кучсиз» ўқув муассасалари мавжуд бўлмайди.

Шунингдек, финларнинг ҳисоблашича, бир фанни бошқасини камайтириш ҳисобига ўқитиш мумкин эмас – мактабларда ҳар бир фан тенг даражада ўргатилади.

Ўқитувчиларнинг болаларга ота-онасининг юқори ижтимоий мақомига қараб муносабатда бўлиши (яъни биздагидек, «ҳокимнинг боласи», «прокурорнинг ўғли» кабига ажратиш) қатъиян тақиқланган. Барча болалар, кучли ўқувчилар ҳам, «уч баҳо оладиганлар», ҳатто имконияти чекланганлар ҳам биргаликда таҳсил олади – синфдаги болаларнинг тенглик тамойилига ҳеч нима таъсир қилмаслиги керак.

Дарвоқе, Финляндияда ўқитувчиларнинг мақоми шифокор ва юристларникига тенг. Маоши эса ойига 3600 еврони ташкил этади, ёрдамчисининг иш ҳақи (шундай штат ҳам бор) 1800 евро. Юқори синфлардаги фан ўқитувчилари 500 евро кўпроқ маош олади.

  1. Бепул таълим (ва овқат) тамойили

Финляндиядаги деярли барча мактаблар давлатга тегишли, шу сабабли улар текин («мактаб, синф фонди учун» пул йиғиш йўқ). Шунингдек, барча иш кунларида ўқувчиларнинг овқатланиши бепул. Ошхонага кирсангиз, болаларни назорат қиладиган бирортаям катта ёшли одамни кўрмайсиз. Фақат ўқувчилар, кичкинтойлар ва швед столи бор. Югур-чоп, шовқин, ур-тўполон ўрнига мутлақо озодалик ва интизомга гувоҳ бўласиз. Болалар (ҳатто бошланғич синфда ўқийдиганлар ҳам) бир-бирининг орқасидан хотиржам навбатда туради, кейин эса тартиб билан овқатланади, идишларни олиб бориб, санчқи ва қошиқларгача алоҳида токчаларга жойлайди – шундай ўргатилган.

Ҳукумат синфдан ташқари ҳар қандай бошқа фаолиятни ҳам тўлиқ молиялаштиради: музей, кўргазма, саёҳатларга бориш ва ҳоказо. Бундан ташқари, дарсликлар, канцелярия, ҳатто планшет компьютерлари учун ҳам давлат томонидан пул ажратилади. Ҳар бир мактаб болаларни машғулотларга бепул автобусда олиб келиш имкониятига эга.

  1. Ўзига хослик тамойили

Мактаб таълими жараёнида ҳар бир ўқувчининг қобилиятига қараб фан босқичларини индивидуаллаштириш алоҳида ўрин тутади: дарсларда болалар мавзу бўйича ўзига алоҳида шахсий вазифа олади. Уй топшириғи уларнинг машғулотни ўзлаштиришдаги муваффақиятига қараб шакллантирилади: кимгадир қийинроқ, бошқасига оддийроқ вазифалар берилади.

Ўқувчиларнинг натижалари алоҳида анча аҳамиятли бўлган иқтидорига қараб баҳоланади.

Фин мактабларида дарсни ўзлаштиришда муаммоси бор ҳар бир ўқувчи дарсдан ташқари вақтда ўқитувчидан қўшимча сабоқ олади. Махсус «танланган таълим» ҳам мавжуд бўлиб, фин тили она тили бўлмаган хорижлик ўқувчиларга ёки жамиятдаги мавжуд қоидаларга зид ахлоққа эга болаларга ёрдам тариқасида ўргатилади.

  1. Амалиёт тамойили

«Биз ёки ҳаётга ёки имтиҳонларга тайёрлаймиз. Биз биринчисини танлаймиз», дейишни яхши кўради финлар. Ҳа, улар ўқувчиларни олимпиадага эмас, ҳаётга тайёрлайди.

Айнан шу сабабли мактабда битириш имтиҳонлари йўқ, ўрта ва олий ўқув юртига киришда эса ўрта мактаб даврида қўлга киритилган ўртача баллар ҳисобга олинади. Бундан ташқари, катта ҳаёт учун муҳим бўлган амалий кўникмалар – ўқув натижалари, ижодий тавсифдаги ютуқлар қайд этиб бориладиган ҳужжатларни тузиш, сайтлар яратиш, солиқ ҳисобини юритиш каби омилларга кўпроқ эътибор қаратилади. Дарсда танланган касб бўйича икки ҳафталик меҳнат амалиётини ўташ ҳам кўзда тутилган.

  1. Ишонч тамойили

Ушбу тамойил ўзида икки қоидани қамраб олади. Биринчиси: давлат ва ўқитувчиларга тўлиқ ишонч. Таълим бўйича давлат дастури умумий тавсияларни қамраб олади: қайси услубни қўллашни ҳар бир ўқитувчи ўзи ҳал қилади. Иккинчи қоида: болаларга тўлиқ ишониш.

Агар дарсда ўқувчини фан мутлақо қизиқтирмаса ўзи хоҳлаган машғулот билан шуғулланиши мумкин. Дейлик, бола математикадан аллақандай формулани ечишни ўзига керак эмас деб ҳисобласа, шуғулланмаслиги мумкин, аммо юқорида қайд этганимиздек, у мактаб ёшидан даромад солиғини ҳисоблашни, ўзининг ҳуқуқ ва бурчларини билади. Ушбу қоида ўқувчиларга ҳурмат-эҳтиром муносабатидан келиб чиқади.

Фин мактаби дарсда эркин танловни ҳисобга олади.

  1. Ихтиёрий таълим тамойили

Таълим жараёни ўқишни хоҳлаган болалар таҳсил олишини кўзда тутади.

Фин ўқитувчилари боланинг эътиборини фанга қаратишга ҳаракат қилади, албатта. Аммо боланинг қизиқиши ёки қобилияти бўлмаса, муаллимлар ўқувчини «унча мураккаб бўлмаган» амалий ишга йўналтиради. Ва ҳеч ким бундай ўқувчига «икки»ни қалаштириб ташламайди – умуман айтганда, фин мактабларида баҳолар яхши ва ёмонга ажратилмаган. Финляндия мактаб таълимидаги муҳим вазифалардан бири ўқувчиларни бирор касбга йўналтириш ва катта, мустақил ҳаётга тайёрлашдир: кимгадир осмонўпар биноларни лойиҳалаштириш, бошқасига эса автобус ҳайдаш насиб этиши мумкин. Финлар унисини ҳам, бунисини ҳам бир хил даражада муҳим ҳисоблайди.

  1. Барча фанлар тамойили

Финляндияда ўрта таълим икки асосий босқичга бўлинади: қуйи (дастлабки олти синф) ва юқори мактаб (еттидан тўққизгача). Мактаб босқичидаги мазкур 9 йил давомида болалар саводхонлик ва она тилини, дин ёки ҳаёт ҳақидаги тушунчаларни, тасвирий санъат ва мусиқани, меҳнат ва жисмоний тарбияни ўрганади. Кейин табиий ва гуманитар фанлар, чет тиллари, шунингдек, танловга кўра курслар, масалан, компьютер саводхонлиги қўшилади. Қизиғи шундаки, ўқувчилар айрим фанларни битта машғулотда ўтайди – Финляндияда барча фанлар асослари ўртасидаги тамойил мавжуд. Фин мактабларида фанлар бўйича ўртача балини янгиламоқчи бўлганлар учун қўшимча 10 синф мавжуд. Шундан сўнг ўқувчилар олдида танлаш имконияти бўлади: хоҳласа амалий мутахассисликларни эгаллаш бўйича касб коллежини ёки олий ўқув юртига кириш учун ўзига хос тайёргарлик кўриш мақсадида лицейни кўзлаши мумкин.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг