Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кремль ҳайдовчилари маош тўлиқ берилмаётганидан шикоят қилмоқда

Кремль ҳайдовчилари маош тўлиқ берилмаётганидан шикоят қилмоқда

Фото:«AA»

Кремль ҳайдовчилари бир неча йилдан бери маош тўлиқ берилмаётганидан шикоят қилмоқда. Россия президенти ишлар бошқармаси тизимидаги ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи касаба уюшмаси бу борада Кремль маъмурияти раҳбари Антон Вайнога шикоят хати билан мурожаат қилган.

Ҳайдовчи Сергей Рекунов 2011-2019 йилларда 2-рақамли автобазада фаолият юритган. Ушбу автобаза Давлат думаси депутатлари, вазирликлар ва Кремль масъул ходимларига хизмат кўрсатади. С.Рекуновга кўра, у дам олиш кунисиз ишлашига тўғри келган, гоҳида машинада тунашга ҳам мажбур бўлган. Аммо белгиланган ишдан ташқари юкламалар учун маош тўланмаган. Россия Меҳнат кодексининг 153-моддасига кўра, ходим байрам ва дам олиш кунлари ишга жалб этилган тақдирда иш берувчи икки баравар миқдорда ҳақ тўлаши лозим.

С.Рекунов каби ҳуқуқи бузилган ҳайдовчиларнинг айримлари судга даъво билан мурожаат қилган ва уларнинг баъзилари кам миқдорда бўлса ҳам товон пул ундиришга муваффақ бўлган.

Кремль автобазалари ҳайдовчилари, шунингдек, жарималар ҳамда автотураргоҳ тўловини ўз ёнидан тўлашга мажбур бўлаётганидан норози. Ҳайдовчиларга кўра, масъул лавозимдаги шахсларни олиб юриш пайти қоидабузарлик қилишга тўғри келади. «VIP йўловчилар» қоидани бузиб бўлса-да тезликни ошириш ва манзилга ошиғич етказишни талаб қилади. Шу боис жарималар ҳам автобаза ҳисобидан тўланиши керак деб ҳисоблайди улар.

Яна бир низоли масала – йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган вазиятда масъулият ва молиявий жавобгарлик ҳайдовчи зиммасига юкланади. Аварияга учраб маошини фақат зарарни ёпишга сарфлаб юрган ҳайдовчилар ҳам бор. Кремль автобазалари ҳайдовчиларига кўра, давлат тасарруфидаги ҳар бир транспорт воситаси тўлиқ суғурталаниши ва ЙТҲ рўй берган тақдирда зарар суғурта ширкати томонидан қопланиши керак.

Мансабдорларнинг тиғиз кун тартиби, йўлдаги тирбандликлар, совуқ ҳаво сабаб ёнилғини меъёрдан кўп ишлатиш ҳолати ҳам кузатилади. Қайд этилишича, бундай ҳолатларда ҳам ҳайдовчилар ўз ёнидан ёнилғи олишга мажбур бўлмоқда.

Кремль ҳайдовчилари, бундан ташқари, автоуловларга сифатсиз ёки эски эҳтиёт қисмлар қўйилишидан шикоят қилган.

Россия президенти маъмурияти назоратидаги автобазаларда 3000 дан зиёд ҳайдовчи фаолият юритади. Улар давлат раҳбари девони, парламент ва вазирликларнинг масъул ходимларига хизмат кўрсатади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг