Коронавирусдан вафот этган сиёсатчи АҚШдаги сайловларда ғолиб чиқди
АҚШда Республикачилар партияси вакили Дэвид Андал коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмганди. Шунга қарамай, у Шимолий Дакота штати қонун чиқарувчи кенгашга бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонди. Бу ҳақда 4 ноябрь куни «The Independent» хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, 55 ёшли сиёсатчи октябрнинг бошида янги инфекция билан шифохонага жойланган. Шифохонада 4 кун ётгач, 5 октябрь куни оламдан ўтган.
Бироқ муддатидан олдин овоз бериш республикачининг ўлимидан бир неча ҳафта олдин бошланганди. Пировард натижада у яна бир партиядоши Дейв Нэринг билан бирга ғалаба қозонишга муваффақ бўлишди ва саккизинчи округдан маҳаллий қонунчилик кенгашига сайланишди. «The Independent»нинг қайд этишича, сиёсатчи жами 38 фоиз овоз тўплаган.
Энди Республикачилар партияси Андалнинг ўрнини боса оладиган сиёсатчини топишига тўғри келади. Бунинг учун штатда навбатдан ташқари сайловлар ўтказилиши истисно қилинмаяпти.
3 ноябрь куни АҚШда умумий сайлов ўтказилди. Фуқаролар президент ва вице-президент, 35 та сенатор, бутун палата вакиллари, 13 та губернатор ва маҳаллий ҳукумат органлари вакилларини сайлашди. Юқори лавозим учун амалдаги давлат раҳбари, республикачи Дональд Трамп ҳамда Барак Обама даврида вице-президент лавозимини эгаллаган демократ Жо Байден кураш олиб бормоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter