Хитой ТИВ: «Корея яриморолида тинчлик жараёни тўхтамасин»
Хитой ташқи ишлар вазири Ван И барча манфаатдор томонларни Корея яриморолида тинчлик жараёнини тўхтатмасликка чақирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Корея яриморолидаги муаммоларни бартараф этиш учун томонлар зиддиятга бормай, бир-бирига ён босиши керак. Тарихдан сабоқ чиқаришимиз лозим. Биз машъум воқеалар такрорланишини хоҳламаймиз», – деган Ван И Парижда журналистлар билан учрашувида.
Хитой вазирининг маълум қилишича, Корея яриморолидаги вазиятни юмшатиш осон бўлмаган. Бундай вазиятни юзага келтиришда ҳар иккала Корея етакчиларининг шахсий ташаббуслари қўл келган.
«Қолганлар, айниқса, АҚШ тинчлик учун пайдо бўлган бу вазиятни жуда қадрлаши керак. Ҳамма тинчликни асрашга ҳаракат қилиши даркор. Акс ҳолда жараён чўзилиб кетади», – дея қўшимча қилган Ван И.
Аввалроқ Шимолий Корея Жанубий Корея билан вазирлар даражасида музокара ўтказишни АҚШ билан Жанубий Корея ўртасида 11 май куни бошланган ва 25 майгача давом этадиган «Max Thunder» ҳарбий машқлари туфайли рад этган эди.
Сеулдан олинган маълумотларга кўра, машқларда юзга яқин самолёт, шу жумладан 8 та «F-22» русумли «кўринмас» қирувчи самолётлар иштирок этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter