Колумбияда солиқ ислоҳотига қарши намойишларда 19 киши ҳалок бўлди
Колумбияда солиқ ислоҳотига қарши норозилик намойишлари давомида (ўтган ҳафта бошланган) 19 киши ҳалок бўлди, 800 га яқин инсон жароҳатланган. Бу ҳақда мамлакатдаги омбудсменга асосланиб EFE агентлиги хабар берди.
Колумбия мудофаа вазири Диего Моланонинг айтишича, ҳалок бўлганларнинг аксарияти куч ишлатар тизимлар ходимлари. «El Pais» ёзишича, мамлакат бўйлаб 431 киши қўлга олинган.
Норозилик намойишлари бошланганидан сўнг Колумбия Молия ва давлат кредитлари вазири Алберто Карраскиля истеъфога чиқди. Унинг ўрнига Савдо, саноат ва туризм вазири Хосе Мануэл Рестрепо тайинланган.
Мудофаа вазири намойишчиларга қарши куч ишлатилишини оқлади. Моланога кўра, айрим ҳудудларда «агрессив одамлар» намойишчиларга қўшилиб, «вазиятни издан чиқаришга уринишган». Уларнинг баъзилари сўл радикал Farc ҳамда ELN гуруҳларининг одамлари, деди вазир.
Карраскиля ва Рестрепо ҳаммуаллифлигидаги солиқ лойиҳаси Колумбия бюджетини 26 трлн песога ($6,8 млрд) тўлдиришни кўзда тутарди, бу миллий ЯИМнинг 2 фоизидан зиёд. Бунга жисмоний шахслардан олинадиган солиқ ва йиғимларни ошириш ҳисобига эришишмоқчи эди.
Солиқ ислоҳоти бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишларини келтириб чиқаргач, Колумбия президенти Иван Дуке лойиҳани қайта ишлашга топшириқ берди, бироқ намойишлар давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter