Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Колумбда бор аламим маним!» Американи очган машҳур сайёҳнинг 30 дан зиёд ҳайкали яксон қилинди

«Колумбда бор аламим маним!» Американи очган машҳур сайёҳнинг 30 дан зиёд ҳайкали яксон қилинди

Фото: Columbus Dispatch

АҚШда сўнгги бир неча ой давомида Христофор Колумбнинг 33 ҳайкали олиб ташланди. Қора танли аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи  Black Lives Matter ҳаракатига кўра, Христофор Колумб томонидан Америка қитъасининг кашф этилиши мустамлакачилик, геноцид, қулдорлик ва ирқий зулм авж олишига сабаб бўлган.

Жорий йил 25 май куни Миннеаполис шаҳрида қора танли Жорж Флойд полиция томонидан куч ишлатиши оқибатида вафот этгач,  Қўшма Штатлар бўйлаб оммавий норозилик намойишлари авж олди.

Black Lives Matter ҳаракати тарихий ёдгорликларга қарши кураш бошлади. Намойишлар давомида 1492 йили янги дунё — Американи кашф этган машҳур сайёҳ Христофор Колумб шарафига барпо этилган ёдгорликлар энг кўп жабр кўрди. Колумбнинг Бостон, Майами шаҳарлари ҳамда Виржиния штатидаги ҳайкаллари намойишчилар томонидан яксон қилинди. Ўрта асрлар денгиз сайёҳининг Брижпорт, Питтсбург, Сан-Франциско, Чикаго, Ҳартфорд каби шаҳарлардаги ҳайкаллари эса мазкур шаҳарлар маъмурияти қарори билан олиб ташланди.

Аксилҳукумат чиқишлари давомида АҚШдаги фуқаролик уруши иштирокчилари – қулдорлик тарафдори бўлган тарихий шахсларга қўйилган ўнлаб ҳайкаллар ҳам йўқ қилинди.  

Христофор Колумбнинг илмий экспедициялари турлича баҳоланади. Айрим тадқиқотчилар буюк сайёҳ бошлаб берган ҳаракат кейинроқ янги қитъанинг кашф этилиши, халқаро робиталарнинг кенгайиши ва оламшумул тараққиётга сабаб бўлган деб ҳисоблайди. Иккинчи гуруҳ тадқиқотчилар эса янги қитъанинг кашф этилиши жаҳон тарихидаги улкан қирғин ва қатлиомга олиб келганига эътибор қаратади. Манбаларга кўра, Европа мустамлакачилиги даврида 1492-1600 йилларда Америкада 55 млн киши қириб ташланган.

Қўшма Штатларда Христофор Колумб ҳайкалларининг олиб ташланиши президент Дональд Трамп томонидан салбий баҳоланди. Вашингтонда Heritage жамғармасида чиқиш қилган Трамп ёдгорликларни бузмасликка чақирди.

«Улар Христофор Колумб ҳайкалларини яксон қилишга уринмоқдалар. Хўш, кейин нима бўлади? Буни тўхтатиш керак, бу (бизнинг) мерос», — деди АҚШ президенти.

Трамп америкаликларни мамлакат тарихини йўқ қилиш ўрнига сақлаб қолишга чақирган.

Ирқчиликка қарши ҳаракат нафақат Қўшма Штатлар, Европа ҳамда Канадага ҳам ёйилди. Масалан, Буюк Британияда таниқли давлат арбоби Уинстон Черчилнинг ҳайкалига «ирқчи» деган айблов ёзиб кетилди. Иккинчи жаҳон уруши даврида, мушкул йилларда инглиз ҳукуматига бошқарган арбоб ҳам ирқчиликда айбланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг