Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Журналистнинг уйига ўт қўйдирган собиқ ҳоким қамалди — Сербия

Журналистнинг уйига ўт қўйдирган собиқ ҳоким қамалди — Сербия

Собиқ мэр Драголюб Симонович.

Фото: «Росбалт»

Белград (Сербия) суди Гроцка шаҳри собиқ мэри Драголюб Симоновични 4 йил-у 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этди. Бу ҳақда «France-Presse» агентлиги хабар берди.

Гроцка — пойтахт Белграддан 30 километр олисликдаги шаҳар.

2018 йилнинг декабрида журналист Милан Йовановичнинг уйига ўт қўйишни буюрган Симонович айбдор деб топилди. Йованович коррупцияга алоқадор ишлар, хусусан, бунга бевосита дахлдор мэр ҳақида маълумот тўплаш билан шуғулланган.

Буйруқни бажарган («Молотов коктейли»ни улоқтириб ёнғин чиқарган) Александр Маринковичга нисбатан сиртдан 4 йил-у 3 ой муддатли қамоқ жазоси тайинланган.

Журналист агентликка берган интервьюсида суд ҳукмидан қаноатланганини билдирди.

Воқеа қандай юз берган?

2018 йилнинг 12 декабрь куни номаълум шахс журналистнинг рафиқасига тегишли, гаражда турган «Mercedes» автомобилини ёқиб юборади. Ёнғин машинадан гараж, сўнг уйга ўтиб, ҳаммаси ёниб кетади.

Жабрланувчи ушбу ишда ўзи шуғулланаётган коррупция иши фигуранти — шаҳар мэридан гумонсираётганини полицияга билдиради. Воқеаларнинг интиҳоси эса маълум.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг