Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Истанбул: тарихий воқеага уч йил тўлди

Истанбул: тарихий воқеага уч йил тўлди

24 июль куни Истанбул рамзларидан бири Аё София жомеъ масжиди қайта очилганига уч йил тўлди. Туркия дин ишлари бошқармаси раҳбари Али Эрбошнинг маълум қилишича, ўтган вақт мобайнида жомеъга 21 миллиондан зиёд одам келган. 

«Аё София – Истанбул фатҳининг ёрқин тимсоли, Муҳаммад Фотиҳнинг бизга қолдирган омонати. Афсуски, 86 йил давомида Аё Софияда ибодат қилиш имкони бўлмади. Ёши улуғларимиз бу ерда намоз ўқиш орзусига етиша олмай охират диёрига сафар қилиб кетдилар», – дея масжиднинг қайта очилиши тарихий ҳодиса бўлганини урғулади Али Эрбош.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 24 июлида кўҳна Аё София обидасида 86 йиллик танаффусдан кейин илк жума намози адо этилган. Унда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда ҳукумат арбоблари иштирок этган.

2022 йил 1 апрель тунида эса ушбу масжидда 88 йиллик танаффусдан кейин илк бор таровеҳ намози адо этилган.

Кўҳна обида Истанбулнинг Султон Аҳмад мавзесида, Босфор соҳилида қад ростлаган. Ибодатхона ҳақидаги илк маълумотлар милоднинг 300-йилларига бориб тақалади. Аммо ёнғинлар туфайли насроний черкови вайрон бўлган. Византия императори Юстиниан 537 йилда вайрона ўрнида улкан ибодатхона барпо этган. Солномаларга кўра, қурилишга Византия империясининг 3 йиллик бож-хирожи сарфланган.

1453 йилда Истанбул шаҳри султон Муҳаммад Фотиҳ томонидан фатҳ этилгач, ибодатхона масжидга айлантирилган. Усмонийлар даврида Аё София теграсида миноралар барпо этилган. Шу тариқа кўҳна обида 500 йил давомида мусулмонлар хизматида бўлди. 1935 йилда замонавий Туркия етакчиси Мустафо Камол Отатурк масжидни музейга айлантирган.

1985 йили тарихий обида ЮНЕСКО томонидан умумжаҳон ёдгорлиги дея эътироф этилган.

Маҳкаманинг якуний хулосаси ортидан 2020 йил 10 июль куни обидага тарихий мақоми қайтарилган: Аё София яна саждагоҳ ўлароқ мусулмонларга ўз дарвозаларини очган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг