Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Истанбул: 88 йиллик айрилиқдан сўнг...

Истанбул: 88 йиллик айрилиқдан сўнг...

1 апрель тунида Истанбул рамзи саналган кўҳна Аё София жомеъ масжидида таровеҳ намози адо этилди. 88 йиллик танаффусдан кейин илк бор ўқилган таровеҳда мамлакат парламенти раиси Мустафо Шентоп, Истанбул губернатори Али Ерликая ва бошқа масъуллар ҳам иштирок этди.

Катта жамоат шом намозидан кейиноқ масжидни тўлдирди. Хонақоҳга кира олмаган мусулмонлар эса намозни Султон Аҳмад майдонида ўқиди. 

Рамазон ибодатига Дин ишлари бошқармаси раҳбари Али Эрбошнинг ўзи имомлик қилди.

«Роббимизга ҳар қанча ҳамд айтсак кам. 88 йиллик айрилиқдан кейин Аё София жомеъсида яна таровеҳ адо этилмоқда. Икки йил давомида жомеъларимизда таровеҳ намозини ўқий олмай, қалбимиз соғинчу армонга тўла эди. Беадад шукр, Роббимиз бизни яна Рамазонга етказди», – деди Дин ишлари бошқармаси раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 24 июль куни Аё София обидасида 86 йиллик танаффусдан кейин илк жума намози адо этилган ва унда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам иштирок этган эди.

Кўҳна обида Истанбулнинг Султон Аҳмад мавзесида, Босфор соҳилида қад ростлаган. Ибодатхона ҳақидаги илк маълумотлар милоднинг 300-йилларига бориб тақалади. Аммо ёнғинлар туфайли насроний черкови вайрон бўлган. Византия императори Юстиниан 537 йилда вайрона ўрнида улкан ибодатхона барпо этган. Солномаларга кўра, қурилишга Византия империясининг 3 йиллик бож-хирожи сарфланган.

1453 йилда Истанбул шаҳри султон Муҳаммад Фотиҳ томонидан фатҳ этилгач, ибодатхона масжидга айлантирилган. Усмонийлар даврида Аё София теграсида миноралар барпо этилган. Шу тариқа кўҳна обида 500 йил давомида мусулмонлар хизматида бўлди. 1935 йилда замонавий Туркия етакчиси Мустафо Камол Отатурк масжидни музейга айлантирди.

1985 йили тарихий обида ЮНЕСКО томонидан умумжаҳон ёдгорлиги дея эътироф этилди.

Маҳкаманинг якуний хулосаси ортидан 2020 йил 10 июль куни обидага тарихий мақоми қайтарилди: Аё София яна саждагоҳ ўлароқ мусулмонларга ўз дарвозаларини очди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг