Исроил фуқароси армияга боришдан бош тортди
Исроил фуқароси Бен Арад Ғазодаги мисли кўрилмаган хунрезликка норозилик билдирган ҳолда ҳарбий хизматга боришдан бўйин товлади. 18 ёшли йигит ушбу ҳаракати учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Бен Арад Ғазодаги мисли кўрилмаган қотилликлар кампанияси нафақат ҲАМАС, балки бутун Фаластин халқига қаратилганини қайд этган.
“Ғазода тинч аҳоли вакилларининг ўлдирилиши, очлик, касалликлар, биноларнинг вайрон қилиниши, босиб олинган ҳудудларда келгиндиларнинг жиноятлари – буларнинг бари нафрат ва террор оловига мой сепади. Жанговар ҳаракатлар гаровдагиларни қайтара олмайди, марҳумларни тирилтирмайди ҳам”, – деган Бен Арад.
Аввалроқ Исроилнинг Тал Митник исмли фуқароси ҳам айни шу сабабга кўра ҳарбий хизматга боришдан бош тортган эди.
“Исроил ҳарбийлари кўп йиллардан буён амалга ошираётган зўравонлик ҳаракатлари бизни ҳимоя қила олмади. Биз охири кўринмаётган зўравонликлар гирдобидамиз. Армия ўз ҳаракатлари билан фақат янада кўп қон тўкилишига хизмат қилмоқда”, – деган эди Тал Митник.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Исроил томонидан Ғазода 2023 йил 7 октябрдан буён олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатларда 33545 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 76094 нафари жароҳатланди.
Халқаро ҳамжамият Ғазо секторида гуманитар ҳалокат юзага келгани, тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар шиддат билан ошиб бораётгани ҳақида бонг урмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter