Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Исроил агрессияcи оқибатлари шу қадар каттаки!..» – БМТ

«Исроил агрессияcи оқибатлари шу қадар каттаки!..» – БМТ

Ғазо секторида Исроил ҳужуми оқибатида гуманитар ташкилотларнинг 196 нафар ходими ҳалок бўлди.

Фото: Reuters

БМТнинг Фаластин бўйича махсус вакили Франческа Альбанезе Ғазо секторида минглаб одамлар ўлими, вайронагарчилик ва гуманитар ҳалокатни келтириб чиқаргани сабаб Исроилни кескин танқид қилди.

Унга кўра, Исроил агрессиясининг оқибатлари шу қадар каттаки, уни Ғазонинг келажак аҳолиси ҳам ўз танасида ҳис этади.

БМТ мулозими Исроилга қурол-аслаҳа етказишга чеклов қўйиш, Тель-Авивга қарши иқтисодий, сиёсий ва дипломатик санкциялар жорий этишни талаб қилган.

Исроил армияси 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирганидан буён 32975 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 75577 нафари жароҳатланди. Ҳалок бўлганларнинг катта қисми болалар ва аёллардир. Биргина Рамазон ойида қарийб 5000 нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилди.

Олти ойдан буён давом этаётган урушда Исроил армияси бомбардимонлари оқибатида 140 нафар журналист, 196 нафар халқаро гуманитар ташкилотлар ходими ҳалок бўлди.

Айни пайтда Ғазо секторининг 2,3 миллион аҳолиси ҳаётига очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солмоқда.

Минтақада қирғин ва очарлик авж олган бир пайтда Исроилга қарши жазо чоралари қўллаш талаби тобора баландроқ овозда янграмоқда.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Ғазога озиқ-овқат ва бошқа бирламчи маҳсулотлар етказишга тўсқинлик қилаётгани сабаб БМТ Хавфсизлик кенгашини Исроилга қарши санкциялар қўллашга чақирди.

Испания ижтимоий сиёсат вазири Ионе Беларра ҳам Ғазода амалга оширилаётган қатлиом учун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Халқаро жиноий судга тортиш, ушбу мамлакатга қарши худди Россияга нисбатан жорий этилгани каби молиявий санкциялар киритишни талаб қилди. Айни чоқда, у халқаро гуманитар ҳуқуққа зид ҳаракатларига жавобан Исроил билан дипломатик алоқаларни узишни тавсия этди.

Oxfam ҳамда Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотлари АҚШ раҳбариятини Исроилга қурол-аслаҳа етказишни тўхтатишга ундади.

Буюк Британия ҳукуматига ҳам ажал қуролларини сотишни тўхтатиш талаби қўйилди.

«The Washington Post» газетаси хабарига кўра, халқаро жамоатчилик эътирозига қарамай, АҚШ Исроилни ими-жимида қуроллантиришни давом эттирмоқда. Оқ уй бир неча кун аввал Исроилга бир неча миллиардлик қурол-аслаҳа ва техника етказиш бўйича навбатдаги битимни маъқуллади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг