Инсонлар миясида чипларни синаб кўришни тез орада бошлаймиз— Илон Маск
Америкалик бизнесмен, Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск яна ўзининг Neuralink компанияси мияга ўрнатиладиган чиплар имплантациясини одамларда синовдан ўтказиш режасини эълон қилди. Бу ҳақда у Wall Street Journal ўтказган тадбирда маълум қилган.
Маск аввалроқ «чипларни инсонлар миясида синаб кўриш ишлари тез орада бошланишини» айтган эди.
Унинг айтишича, чўчқа ва маймун каби ҳайвонларда муваффақиятли синовдан ўтган мия импланти 2022 йилда ҳақиқий инсоний синовларга тайёр бўлади.
«Neuralink маймунларда яхши ишлади. Аслида биз жуда кўп синовларни ўтказмоқдамиз. Биз у жуда хавфсиз ва ишончли эканлигини тасдиқлаймиз, қурилмани хавфсиз олиб ташлаш ҳам мумкин», — деган Маск.
Компания мияга ўрнатилган чиплар орқа миянинг оғир жароҳати бўлган одамларга ёрдам беришига умид қилмоқда.
7 декабр куни эълон қилинган твитида Илон Маск Neuralink охир-оқибат «нотўғри» ёки «йўқолган» мия нейронларини қурилма ёрдамида тузатишга умид қилишини қўшимча қилган. Унинг таъкидлашича, кўплаб жисмоний касалликлар «мавжуд нейронлар орасидаги сигналларни оддийгина улаш орқали тузатилиши мумкин».
«Келгуси йилда қурилмаларни одамларда ишлатганимизда тараққиёт тезлашади», —дея қўшимча қилган у.
Аввалроқ Илон Маск ўз университетини очмоқчи эканлигини маълум қилган эди.
Маск ҳатто университетга ном ҳам топиб қўйган, унинг режасига кўра таълим муассасаси «Техас фан ва технологиялар институти» деб номланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter