Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ифторлик ташкил этган илк АҚШ президенти ҳақида биласизми?

Ифторлик ташкил этган илк АҚШ президенти ҳақида биласизми?

Америка Қўшма Штатларининг учинчи президенти Томас Жефферсон Рамазон ойи муносабати билан ўз уйида ифторлик ўтказган. Қуйида бу ҳақида тўхталамиз.

Маълумотларга кўра, Рамазон ойи 1805 йилнинг декабрь ойига тўғри келади. Тунислик Сиди Солиман Меллимелли ўша йиллари АҚШда олти ойлик дипломатик миссияда хизмат қилган. Мусулмон ҳисобланган арбоб учун бегона муҳитда мазкур муқаддас ойни ўтказиш, яъни рўза тутиш осон бўлмаган. Ўша пайтда айрим америкалик газета шарҳловчилари ҳақоратомузлик қилиб «уни жирканч ва ваҳшийлик асосида тасвирлаш ёки Исломни зинокорлик билан боғлаш»га уринишган.

Шундай кунларнинг бирида у Қўшма Штатлар президенти Томас Жефферсондан кутилмаган таклиф олади. Давлат раҳбари меҳмондўстлиги учун кўплаб танқидларга учраган. Аммо у мусулмон меҳмонга алоҳида хушмуомалалик кўрсатган эди.

Бу воқеа қуйидагича таснифланган. Рамазон ойи кунларининг бирида президент Жефферсоннинг котиби Сиди Солиман Меллимеллини соат 15:30га зиёфатга таклиф қилиш учун унинг ҳузурига ташриф буюради. Лекин у келганида Меллимелли уйда – жайнамозида ибодат қилаётган бўлган. Ибодатни ниҳоялаб бўлган арбоб котибга бу ой қуёш ботгунча овқатлана олмаслигини айтади. Натижада Жефферсон кечки танаввулни тахминан 90 дақиқа кейин – қуёш ботиши арафасига кўчиради. Замонавий ҳисоб-китобларга кўра бу соат 17:00 ларга тўғри келган. Кечки овқатга ташриф буюрганлардан бири Жон Квинси Адамс ушбу ҳолат Рамазон ойи ўрталарида бўлганлиги, ўша кунларда турклар эрталабдан то қуёш ботгунича рўза тутаётганлиги туфайли рўй берганлигини таъкидлайди.

Ўша оқшом Меллимелли зиёфатга бироз кечиккан. Бунга сабаб сифатида кўплар у кечқурун ибодатларини уйда, кечки овқатдан олдин ўқишга қарор қилган бўлиши мумкинлигини тахмин келтиришади. Меллимелли зиёфатда йиғилганлар билан таржимон орқали анча мароқли суҳбат қилган.

Гарчи зиёфатда хурмо ва тунис таомлари тортилмаган бўлса-да, Жефферсон ва унинг маслакдошлари мусулмон Меллимеллининг диний урф-одатларини ҳурмат қилишлари ва қадрлашларини, бу борада унга қўлларидан келганича кўмак кўрсатишларини айтишади. Шундай қилиб, АҚШнинг учинчи президенти мамлакатда биринчи марта ифторлик дастурхонига мезбонлик қилгани арбоб сифатида тарихда қолган.

Нурилло Тўхтасинов
таржимаси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг