Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

Гонконг — «Хитойнинг тиш оғриғи». Бу ерда нималар бўлмоқда?

Гонконг — «Хитойнинг тиш оғриғи». Бу ерда нималар бўлмоқда?

2019 йил июнь ойидан бери Гонконгда норозилик намойишлари давом этмоқда. Сўнгги бир неча ой ичида юз берган тўқнашувларда полиция тинч намойишларни тўхтатиш учун бир неча маротаба намойишчиларга резина ўқлар, кўздан ёш оқизувчи газ ва қалампир пуркагич қуроллар билан қарши чиқишмоқда.

Ноябрь ойининг биринчи ҳафтасида намойишлар бошланганига 22 ҳафта тўлди. Норозиликлар Гонконгнинг молиявий округи, аэропорт ва энг гавжум савдо майдончаларида давом этмоқда. Озодлик талаб қилинмоқда.

Тартибсизликлар бошланганидан бери 3300 дан ошиқ намойишчи ҳибсга олинган, полиция одамларга шавқатсизларча муносабатда бўлмоқда.

Нега одамлар норозилик билдирмоқда?

Гонконг Бош ижрочи директори Керри Лам чоршанба куни ҳукумат асосий норозиликларга сабаб бўлаётган экстрадиция тўғрисидаги қонунни расмий равишда қайтариб олишини эълон қилди. Шунга қарамасдан, масъулнинг таъкидлашича, ҳукумат полициянинг ғайиқонуний ҳаракатларига жавоб бермайди, ҳибсга олинганларни озод қилишни бўйнига олмайди.

Экстрадиция қонуни қандай қонун ўзи?

Экстрадиция - бу битта юрисдикция жиноят содир этганликда айбланган ёки судланган кишини бошқа юрисдикциянинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириши керак бўлган ҳаракат. Бу иккала юрисдикция ўртасидаги ҳамкорликдаги ҳуқуқни қўллаш жараёни ва улар ўртасидаги келишувларга боғлиқ. Жараённинг ҳуқуқий жиҳатларидан ташқари, экстрадиция, ушлаб турилган шахсни ҳибсга олишни талаб қилинаётган юрисдикция юридик органига шахсни топширишни ҳам ўз ичига олади.

Хитой ҳукумати Гонконгга айнан шундай талаблар қўйган ва бу Британиянинг собиқ колониясида норозиликлар келтириб чиқарган эди.

Бир мамлакат, иккита мафкура

Гонконг Хитойнинг жануби-шарқидаги собиқ Британия мустамлакаси эди. 1840-42 йиллардаги Англия— Хитой уруши даврида Сянгань орол инглизлар томонидан босиб олинган. 1842 йилги Нанкин битимига асосан Буюк Британиянинг «абадий мулки»га айланган эди. 1982 йилдан Гонконг масаласи бўйича Хитой ва Буюк Британия ҳукуматлари ўртасида музокаралар бошланди ва 1984 йил 19 декабрда Хитой ва Буюк Британия томонидан қўшма декларация имзоланган ва 1997 йилдан Хитой юрисдикцияси остига ўтди. Шундай қилиб, Хитой Гонконг устидан суверенитет ўрнатди ва мамлакатнинг махсус маъмурий райони деб атала бошлади. Ҳукуматлар алмашинуви Гонконгда салбий таъсирлар ўтказди. Ярим аср давомида капиталистик руҳда тарбия топган Гонконг халқи Хитой Халқ Республикасига топширилиши ғоялар тўқнашувига олиб келди. 

Хитой Буюк Британия ҳукмронлик муддати тугашидан анча олдин Гонконг устидан ўз таъсирини кучайтиришга ҳаракатларни бошлаган эди.

Намойишчилар гонгконгликларни Хитой қонунлари бўйича суд қилиш ҳаракатини ҳақорат деб билишди. Бу эса оммавий норозиликларга сабаб бўлди.

Даъвогаринг қози бўлса…

Гап шундаки, Гонконг Бош ижрочиси Керри Лам Расмий Пекиннинг қўллаб-қувватловчиси саналади. Бош Ижрочини сайлайдиган доира ҳам жуда тор - атиги 6 фоиз сайловчи. Намойишчиларнинг талабларида ҳам сайлов тартибларининг ўзгариши бор.

Хитой ҳукумати норозилик акциясига қандай муносабатда?

Пекин норозилик намойишларига кескин муносабатда бўлиб, намойишчиларни олов билан ўйнашмасликни маслаҳат бермоқда. Махсус ҳарбий қисмлар Гонконг масаласига жалб қилинган.

Бош ижрочи Керри Лам намойишчиларни мамлакат хавфсизлиги ва барқарорлигига жиддий зарар етказишда айблади

Хуллас, Хитой Осиёнинг энг кўп маблағ айланадиган ҳудудини қўлдан чиқармоқчи эмас.

Керри Лам ким?

Керри Лам, 62 ёшда, Гонконгнинг Бош ижрочи директори - штатнинг энг катта сиёсатчиси.

Керри Лам

Лам намойишлар бошланганидан бир ой ўтиб, экстрация бўйича қонун лойиҳасини тўхтатиб қўйди, аммо у бу таклифни тўлиқ қабул қилмади ва норозилик ҳаракати етакчиларининг танқидига сабаб бўлди.

Намойишчиларнинг асосини кимлар ташкил қилмоқда?

Гонконгдаги норозилик ҳаракатларида жамиятнинг катта қисми, шу жумладан адвокатлар, журналистлар, фаоллар ва бизнес вакиллари бутун минтақада кенг кўламли норозилик намойишларига қўшилишди. Фаолларнинг таъкидлашича, улар асосий талаблари бажарилмагунча тўхтамайдилар. Талабларга Гонконг раҳбари Керри истеъфоси, ҳибсга олинганларнинг амнистияси ва экстрадиция қонун лойиҳаси бутунлай қайтариб олиниши киради.

Жорий ҳафта Гонконг норозилик ҳаракатининг энг даҳшатли ҳафталаридан бири бўлди. Душанба куни бир полиция ходими намойишчиларга қарата ўқ узиб бир неча кишининг умрига зомин бўлди. Сешанба ва чоршанба кунлари университетлар том маънода жанг майдонига айланди. Полиция талабалар шаҳарчаларига бостириб кириб, талабаларни қамалга олди.

Гонконгга нега «кўздан» четда қолди?

АҚШда Трампга нисбатан давом этаётган импичмент (айрим мансабдор шахсларнинг мансабдан четлатиш ва жавобгарликка тортиш жараёни) сўрови, Британияда Брексит масаласи ва Яқин Шарқдаги нотинчликлар билан Гонконгдаги протестлар осонгина эътибордан четда қолиб кетди.

Халқаро доиралар яқин кунлар ичида Гонконгга расмий муносабат билдириши кутилмоқда.

Санжар Шомуродов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг