Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғазода қатлиом рўй бермоқда – БМТ махсус маърузачиси

Ғазода қатлиом рўй бермоқда – БМТ махсус маърузачиси

Исроил бомбардимонида ҳалок бўлган болалар. Хон Юнус шаҳри.

Фото: The New York Times

БМТнинг саломатлик ҳуқуқи масалалари бўйича махсус маърузачиси Тлаленг Мофокенг қамалдаги Ғазо секторида Исроил ҳарбийлари томонидан амалга оширилаётган зўравонликларни шубҳасиз геноцид деб атади.

Унга кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода инсон ҳуқуқлари, хусусан, соғлиқни сақлаш соҳсида кўплаб жиддий қонун бузилишлари рўй бермоқда.

«Ўтган вақт давомида биз очлик уруш қуроли сифатида қўлланганига гувоҳ бўлдик. Бундан ташқари, тиббий ходимларимизнинг ўлимини кўрдик. Яъни Исроил ҳукумати халқаро ҳуқуқ ва гуманитар ҳуқуққа мувофиқ уларни муносиб ҳимоя қилмади. Бу муттасил рўй бераётган зўравонлик ҳаракатларига биргина мисол, холос. (Ғазода) мисли кўрилмаган вайронагарчилик содир бўлди», – дейди Тлаленг Мофокенг.

Махсус вакил Ғазо соғлиқни сақлаш тизими Исроил ҳарбий амалиёти оқибатида буткул издан чиққанига эътибор қаратган.

«Айни пайтда (Ғазо секторида) рўй бераётган ҳодиса шубҳасиз геноциддир. Суд бу борада ҳукм чиқаришини кутиб ўтириш шарт эмас. Гап шундаки, Халқаро суд фаолиятида жиноий жавобгарликка тортиш бўйича турли процесслар кўзда тутилган. Исроил ҳукумати геноцид актини содир этишига кўплаб иттифоқчилари имкон  яратиб берди, шунингдек, у миллирдлаб доллар молиявий кўмак билан сийланди.  Ҳатто БМТ  Хавфсизлик кенгашида ҳам Исроилни жавобгарликдан халос этишни кўзлаган сиёсий кучлар бор», – дейди махсус маърузачи.

Куни кеча БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам Исроил армиясининг Рафаҳ шаҳрига ҳужуми оқибатида болалар ва аёллар ўлдирилганини қоралаган эди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Исроил ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирганидан буён ўтган 201 кун давомида 34262 нафар фаластинлик ҳалок бўлди,  77229 нафари жароҳатланди.

Айни пайтда Ҳаага шаҳрида жойлашган Халқаро судда ЖАРнинг Исроилга қарши геноцид бўйича даъвоси кўрилмоқда. Яҳудий давлати ҳарбийлари 1948 йилда қабул қилинган Геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузган ҳолда, Ғазода минглаб тинч аҳоли вакилларини ўлдириш, Фаластин аҳолисининг бир қисмини қасддан қиришда айбланмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Исроил томонидан Ғазода геноцид жинояти содир этилганини тасдиқловчи далилларни йиққан халқаро адвокатлар гуруҳи бош вазир Бинямин Нетаняҳуни ҳибсга олиш режасини ошкор қилган эди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроилни халқаро гуманитар ҳуқуқни бузиш, фаластинликларни оммавий жазолашда айбламоқда. БМТнинг Фаластин бўйича махсус вакили Франческа Альбанезега кўра, Исроил агрессиясининг оқибатлари шу қадар каттаки, уни Ғазонинг келажак аҳолиси ҳам ўз танасида ҳис этади.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эса Ғазо секторида ҳалокатли очарчилик хавфи юзага келгани ҳақида бонг уриб келади.

Айни пайтда Ғазо секторининг 2,3 миллион аҳолиси ҳаётига очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг