Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Францияда отиб ўлдирилган ўсмирнинг бувиси мурожаат билан чиқди

Францияда отиб ўлдирилган ўсмирнинг бувиси мурожаат билан чиқди

Франциядаги тартибсизликлар бир неча кундирки давом этмоқда. Улар асли жазоирлик бўлган 17 ёшли ўсмирнинг полициячи томонидан ўлдирилишидан кейин бошланди. Ўсмирнинг бувиси унинг ўлими зўравонликлар учун баҳона бўлганини қайд этди.

Ўлими бутун Франция бўйлаб норозилик намойишларига сабаб бўлган 17 ёшли жазоирлик ўсмирнинг бувиси тартибсизликларни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда у BFM телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.

«Мен бу [норозилик] ҳамма жойда тўхташини истайман… Мактабларни бузиб ташламасинлар, автобусларни ёқмасинлар. Автобусларда оналар юришади», - дея Надия исмли аёлнинг сўзларидан иқтибос келтиради телеканал.

Унинг таъкидлашича, у барча француз полициячиларини айбдор санамайди. Надия полиция вакилларига ҳужумларни тўхтатишга чақирди ва якуний сўз француз судида бўлиши кераклигини қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, тартибсизликлар ташкилотчилари кейинги зўравонлик учун унинг набираси ўлимидан фойдаланишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Францияда 28 июн тунидан бери тартибсизликлар давом этмоқда. Бир кун аввал Парижнинг шарқий чеккасида жойлашган Нантер шаҳрида полициячи ўз буйруғига бўйсунмаган 17 ёшли Ноилни отиб ўлдирди. Полициячи ҳибсга олинган. Адвокатининг айтишича, у марҳумнинг оиласидан кечирим сўраган.

Намойишлар Франциянинг кўплаб йирик шаҳарлари – Париж, Марсел, Лион, Страцбург ва бошқа ҳудудларга таъсир кўрсатди. Белгия ва Швейцарияда ҳам тартибсизликлар юз берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг