Фаизиддин Мўмин: Англияда ҳам одамлар нолийди, доимо ҳукуматни танқид қилади, аммо ўрганадиган нарсаларимиз кўп
Ҳар бир муҳожирликда юрган ҳамюртимизнинг ўз ҳикояси бор. Биз улар билан ижтимоий тармоқлар орқали танишамиз ва ҳикояларини «тинглаймиз». Бугунги суҳбатдошимиз Лондон шимолидаги шаҳарчалардан бирида яшаётган ҳамюртимиз Фаизиддин Мўминга савол билан мурожаат қилдик.
– Қаердансиз ва четга чиқиш имконияти қачон туғилган?
– Фарғона вилоятининг Тожикистон билан туташ туманларидан бирида туғилганман. Болалигимизда бозоримизга тожикистонликлар келарди, савдо-сотиқ яхши бўларди, чегарадан ўтиш бемалол эди. Қишлоқдаги мактабда ўқиганман, она тили ва адабиёти энг севимли фаним эди. Болалигимда дадамнинг журналларини ва китобларини севиб ўқирдим. Мактабни битириб Тошкент давлат шарқшунослик институти араб филологияси факултетига ўқишга кирганман, 2003 йили учинчи босқичлигимда Британияга кетиш имконияти пайдо бўлган, шу бўйи муҳожирликдаги ҳаётим бошланган. Британияда ҳам тарих ва сиёсатшунослик бўйича бакалаврни битирганман. Шу ерда ўзбек қизига уйланиб бола-чақали бўлдик. Аёлим инглиз тили ўқитувчиси. Мен ҳам инглиз тилини чет тили сифатида ўқитиш бўйича Кембриж университети ишлаб чиққан махсус интенсив курсни тамомлаб сертификат олдим ва турмуш ўртоғим билан Саудия пойтахти Риёз шаҳридаги Қирол Сауд номидаги университетга ишлай бошладик. Рафиқам ва болаларим ҳозир Жидда шаҳрида яшайди.
Онамга тааллуқли ишларни бажариш ва қараш учун вақтинча Британияга қайтганман, айтганча, ёлғиз ўғил бўлганим учун онамни ҳам чақириб олганман. Ҳар 2-3 ойда Саудияга оиламни кўриш учун бориб тураман. Ҳозир Лондондан 50 километр шимолдаги шаҳарчада такси ҳайдайман.
– Бизда энг катта муаммолардан бири бу – йўл ҳаракати билан боғлиқ. Ҳайдовчилик маданиятига тўхталиб ўтсангиз.
– Бу ерда тартиб-қоидага қатъий амал қилинади. Такси ҳайдаш учун ҳайдовчига, уловга ва операторга алоҳида лицензия олинади. Уловни йилда икки марта техник кўрикдан ўтказиш шарт. Такси ҳайдовчи лицензиясини олиш учун ҳам бир қанча текширувлардан ўтиб, яна бошқатдан имтиҳон топширилади ва бир кун ўқитилади, жуғрофий имтиҳон топширилади, тиббий кўрикдан ўтилади, жиноятчилик тарихи оппоқ бўлиши лозим. Бу ерда ҳайдовчилик маданияти анча юқори, бир-бирига йўл бериш оддий ҳол. Саудияга нисбатан фарқи жуда катта. Бу ерда баллик тизим мавжуд, масалан, қизил чизиқдан ўтиб кетсангиз уч балл оласиз. Тўрт марта уч балл олсангиз ҳайдовчиликдан мосуво бўласиз. Одамлар мулойим, тоқатсизликни, ҳовлиқмаликни, қўполликни ёмон кўришади.
Бу ерда ёнилғи муаммоси йўқ, уловни ҳар куни текинга ювдирасиз, биздан кетадигани фақат вақт, барча харажатларини ширкат қоплайди. Мен вақтида намоз ўқиш, вақтида ҳожатга чиқиш ҳамда тезлик камераларига тушиб қолмаслик ҳақидагина қайғуришим мумкин. Тирбандлик ташвиши йўқ. Уловнинг бузилиб қолиши, йўлларда қолиб кетиш ҳайдовчининг муаммоси эмас. Ҳамма харажатлар ширкат бўйнида, аэропорт тўловларию, пулли кўприклардан ўтиш ўлпонлари ва тоза ҳаво солиқларигача улар тўлайди. Кунлик ижара ҳақини чиқаришим керак, деган ташвиш йўқ. Қанча топсанг ўшанинг 50 фоизи сеники. Истаган пайтинг истаганингча ишлайсан, хоҳласанг ҳозироқ уловни топшириб икки ҳафта таътилга кетишинг мумкин. Биров сени мажлисга чақирмайди, ҳисобот топшир демайди, ўдағайламайди. Фақат бир жойда кўп ўтириш соғлиқ учун фойда эмаслигини ўйлайсан.
– У ерда бизда бор бўлган нима йўқ?
– Аввало қариндош-уруғ, яқин дўстлар ва қадрдонлар йўқ. Чойхона йўқ. Тўй-базмлар йўқ. Чанг-ғуборли ҳаво, метандаги узун навбатлар, коррупция ва ҳоказолар йўқ. Бу ерда одамлар ўз ҳаётини яшайди. Юз йиллик уйлар, 30-60 йилларда қурилган уйларда яшайди. Ўзбеклардек умрини уй қуришга, тўй қуришга сарфламайди. Уч хонали, икки хонали уйга қаноат қилишади. Англиядаги тартиб-қоидага амал қилишни, қонун ҳаммага баробар ишлашини ўргансак бўлади.
– Ёшларнинг кайфияти қандай? Улар Ўзбекистон ҳақида билишадими?
– Умуман олганда, ёшлар сиёсатга қизиқмайди бефарқ, лекин ҳукуматдан нолишади, кўп танқид қилишади. Бундан 20-30 йил олдин ҳам одамлар рози бўлмаган. Айниқса, Европа Иттифоқидан чиққач, пандемия натижасида ва Украина уруши сабабли нарх-наволар ошган, иқтисод яхши эмас. Унинг устига 14 йилдан бери қудратда бўлган консервативлар бюджет харажатларини қисқартиргани учун йўлларда чуқурликлар кўпайган, шифохоналарда навбат узун, қўйингки, орқага кетаётгандек туюлади, иқтисод яхши эмас. Ўйлаб қоламан, шу зайлда орқага кетаверса Ўзбекистон даражасига етиб олиш учун қанча вақт кетаркан-а? Йигирма йилми, эллик йилми ёки бир асрми? Аммо метан заправкаларидаги навбат даражасига етиш учун икки аср ҳам камлик қилса керак, чунки Мисрдек қашшоқ давлатда ҳам заправкаларда навбат йўқ, газ-бензин-дизел доим бор.
Иш фаолиятим билан боғлиқ яқинда бўлган бир воқеани айтиб берай.
Лондон аэропортига одам олишга бордим. Етиб бориб мижозга телефон қилдим, чамодонларимизни кутяпмиз, деди. Қирқ дақиқача кутиб қолдим. 60 ёшлардаги эр-хотин экан, парковка пулини тўлаш учун аппаратга қараб юрсам хотини чаққонлик билан келиб картасидан тўлаб юборди, ўзи мен тўлашим керак эди.
Олдинга ўтирсам майлими деб эри ёнимга ўтирди ва шу заҳоти гапни бошлади: Лондон аэропортлари қанчалик ёмонлигини бошқа жойлардан келиб сезасан, паспорт текширувдан икки дақиқада ўтдик, лекин юкларимиз чиқавермади, бу давлатда ҳеч нарса ишламайди ўзи.
Ҳамроҳим узоқ йиллар Лотин Америкада, хусусан, Аргентина ва Бразилияда ишлаган ва минтақадаги бошқа давлатларга ҳам кўп саёҳат қилган экан. Ўзбекистон ҳақида сўради, гапларимни эшитиб туриб баъзи нарсалар Бразилия билан нақадар ўхшаш бўлмаса, деди.
Лотин Америкасидан ташқари АҚШ ва Канадага ҳам кўп борган экан, ундан ташқари Малайзия, Япония, Филиппин,Таиланд каби давлатларни ҳам айланган экан, фарзанди йўқ, эр-хотин саёҳат қилишни ёқтираркан.
«Ўзга давлатларда муҳожир бўлиб яшаш инсонга кўп нарса ўргатаркан, – дейди суҳбатдошим. – Ҳаётга бошқача назар билан қарашни, ҳаётда ўзи нима энг муҳим эканини тушуниб етаркансан. Дастлаб Бразилияга борганимда қиммат кастюм-шимларда, қиммат туфлиларда юришни ёқтирардим. Ўшанда менежерим чақириб айтган: Стюарт, кўчага чиққанингда йўқотишга тайёр бўлганингдан ортиқчаси билан чиқма, чунки нимаики сал қимматроқ нарса бўлса тортиб олишади. Ўзимни ҳам ресторанда ўтирганимда пистолет ўқталиб ҳамёнимни тортиб олишган. Бразилияда сал кўпроқ яшасанг ўмариб кетишларига улгурасан, ниҳоятда босқинчилик ва зўравонлик кўп содир бўлади.
Шунинг учун қиммат нарсаларга мутлақо қизиқишим қолмаган, кийишга, ишлатишга яроқли бўлса бўлди, мана соатим ҳам арзон. Ҳаётда мен ва хотиним учун энг муҳими, бу соғлигимиз, бахтли бўлишимиз. Йигирма йиллик кичик уловим бор. Дўстларим «эй, нима қиласан шу шалдироқ аравани, бошқа янги машина ол» дейишади, лекин менга керак эмас, оддий уйим ва минишга яроқли машинам бўлса етади».
– Оила қадрияти ҳақида икки оғиз...
– Британияда катта оилалар деярли йўқ, ёшлар бобо-бувилари билан яшашмайди, қариялари ҳам болаларидан алоҳида яшайди. Аксарият аёллар ишлайди, уй бекалари кам чунки ишлашга мажбур, кўп аёллар ишламайдиган уй бекаларига ҳавас қилади. Чунки яшаш қимматлиги ҳаммани ишлашга мажбур қилади. Кўпчилик ёшлар никоҳсиз яшаб юришади, шунинг учун тўй қилишга хоҳиш йўқ. Жуда кўп фарзандлар никоҳдан ташқари туғилади ва бу оддий ҳол. Бу ерда қизлар ўтириб қолади, деган фикр йўқ. Ёшлар қачонки ўзига мос одам топилса, бола-чақали бўлса кейин никоҳдан ўтишади.
Оила институти анча емирилган, ажрашлар кўп, отасиз болалар, ёлғиз оналар кўп. Аёллар эркаклашиб кетганга ўхшайди.
– Сиз яшаётган жойда юртдошларимиз кўпми, қачон Ўзбекистонга келмоқчисиз?
– 2003 йил чиқиб кетганимча ҳали қайтмадим. Аммо Ўзбекистон ҳақида ижтимоий тармоқлар ва янгиликлар орқали билиб тураман. Бу ерда ўзбекистонликлар кўп эмас, Британия бўйлаб турли шаҳарларда яккам-дуккам яшайди, жамоа бўлиб уюшмаган. Ҳар доим ватанни зиёрат қилиш орзусида юраман, имкон бўлиши билан, албатта, бораман. Бу ерда газ электрда узилиш муаммоси йўқ аммо қимматлиги доим асосий муаммолардан бири бўлиб келган. Ҳалигача бир жойда қўним топиб яшашга кўниколмаяпман.
Британиядаги ҳаёт барқарор, сокин, ҳавоси ниҳоятда тоза, серёмғир, ҳаммаёқ ям-яшил, 20 йил олдин кўрган одамларим ҳалиям ўзгармаган бўлади, яшаш яхши, кам стресс бўлгани учун улар қари кўринмайди. Тўқсонга кирган чол ҳам ўз оёғида юради. Чунки биринчидан ҳавоси тоза, иккинчидан етишмовчилик стреси йўқ, ортиқча майда гап-сўз йўқ. Яшаш стандарти юқори. Ҳеч ким килолаб гўшт олмайди, битта қўйни бўлаклаб олишади. Уйда асал, сариёғ, меванинг камида беш хили туриши оддий ҳол. Шаҳардан икки километр нарида тулкилар, қуёнлар, қушлар – қирғовул, оққушларни учратасиз. Ҳатто шаҳарнинг ичида ҳар куни тулкини кўришингиз мумкин. Тўкин-сочинлик ҳайвонлар ҳаётига ҳам ижобий таъсир қилади. Биров овлаб ей демайди, терисини сотиб пул қилай демайди...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter