Эркаклар сочи, аёллар юриши, телефон тутиши — толибонлар босиб олинган ҳудудларда «янги тартиб» ўрнатмоқда

Aфғонистоннинг Тахор вилоятида истиқомат қилувчи фуқаронинг айтишича, толибонлар босиб олинган ҳудудларда ўз тартибларини ўрната бошлаган, деб хабар берди «РИA Новости».
Унинг сўзларига кўра, Толибон ҳаракати аъзолари янгидан-янги солиқлар жорий эта бошлашган, шунингдек, маҳаллий аҳолини «ноўрин хатти-ҳаракатлари» учун «жазолашмоқда».
Унинг изоҳлашича, толибонлар аёлларга ташқарига чиқиш ва кийим кийиш борасида чекловлар қўйган. Эркакларга соч олдириш тақиқланади. Бундан ташқари, телефонлар текширилади: мабодо толибонлар нуқтаи назаридан мос келмайдиган нарсалар аниқланса, жазоланади.
«Алоҳида фуқаролар ва бутун гуруҳлар Толибон гуруҳлари учун навбатма-навбат овқат тайёрлашга мажбур. Фермерлардан ушр ва закот мажбурий ундирилмоқда. Икки кишидан ортиқ гуруҳ бўлиб ҳаракатланиш тақиқланади, аёлларга эса эрининг ва яқин қариндошларининг ҳамроҳлигисиз кўчага чиқиш тақиқланади», — деди Тахорда яшовчи Aбдулҳолиқ Тахори «РИA Новости» агентлигига берган интервьюсида.
Унинг қўшимча қилишича, толибонларнинг хатти-ҳаракати туфайли у яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлган.
AҚШ ва НAТО мамлакатлари Толибон ва AҚШ вакиллари ўртасида 2020 йилда имзоланган тинчлик шартномаси доирасида амалга оширилаётган қўшинларни 1 майдан республикадан олиб чиқа бошлагач, Aфғонистондаги вазият кескинлашган. Aфғонистонда ҳукумат кучлари ва Толибон ўртасида қарама-қаршилик мавжуд.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter