Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон халқаро ҳамжамиятни огоҳлантирди

Эрдўғон халқаро ҳамжамиятни огоҳлантирди

Ғазо секторида рўй бераётган аянчли ҳодисалар халқаро тартиб-низомларнинг самарасиз ва эскирганини кўрсатди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Остона шаҳрида 4 июль куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ташкил қилинган саммитда гапирди.

«Ғазонинг хароб этилиши, 90 минг фаластинлик жароҳатлангани, 16 мингдан зиёд маъсум болаларнинг ўлдирилиши моҳият эътиборига кўра халқаро тартибнинг ўз легитимлигини йўқотгани ва издан чиққанини тасдиқлайди. Биз қатъий қоидаларга таянган халқаро низом устунлари емирилаётган даврни бошдан кечирмоқдамиз», – деди Эрдўғон.

Исроилнинг Фаластин эксклави бўйлаб бомба ёғдириши оқибатида 40 минг нафарга яқин тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини ёдга олган сиёсатчи халқаро ҳамжамиятни Исроил раҳбариятига қирғинни тўхтатиш борасида босим ўтказишга чақирди. Акс ҳолда вазият янада мураккаблашишидан огоҳлантирди.

Эрдўғонга кўра, мавжуд тўсиқларга қарамай, Туркия тинчлик ва барқарорликни таъмин этувчи халқаро тартибот қуриш йўлидаги уринишларни тўхтатмайди.

«Мақсадимиз – инсонлар ва инсоний қадриятларга асосланган дипломатик ташаббуслар орқали минтақамизда ва ундан хорижда тинчлик белбоғини яратишдир», – деди нотиқ.

Маълумот ўрнида, Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши якунида қабул қилинган Остона декларациясида ҳам Ғазо секторида кўп сонли тинч аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлган ҳаракатлар кескин қораланган. ШҲТ етакчилари зудлик билан доимий оташкесим ўрнатиш, гуманитар ҳалокатга дучор бўлган минтақага инсонпарварлик кўмаги юбориш ва умуман Фаластин масаласини тўлақонли ҳал этиш лозимлигини таъкидлаганлар.

Туркия раҳбари Ғазо секторидаги хунрезлик сабаб Исроил раҳбариятини кескин танқид қилиб келмоқда. Хусусан, у бош вазир Бинямин Нетаняҳуни «Ғазо қассоби», «Замонавий Фиръавн» деб атаган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг