Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон Исроилни кескин огоҳлантирди

Эрдўғон Исроилни кескин огоҳлантирди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроилни қалтис ҳаракатларнинг аянчли оқибатларидан огоҳлантирди. Гап шундаки, аввалроқ Тель-Авив маъмурияти ҲАМАСнинг чет элдаги, жумладан, Туркиядаги раҳбарларини йўқ қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар тарқалган эди. 

«Бу ишни кўзлаганлар Туркия ва туркларни яхши билмайди шекилли. Агар улар хато ишга қўл урса (ҲАМАСнинг Туркияда яшаётган етакчиларига суиқасд назарда тутилмоқда – таҳр.), бунинг учун катта товон тўлашларини билишлари керак. Улар Ғазони ҳаво, денгиз ва қуруқликдан қамал қилиб, бир ҳафтада ғалаба қиламиз деб ўйлаган эди. Хўш, оқибат нима бўлди? Ғазони эгалладиларми?» – дея Исроил расмийларига журналистлар воситасида мурожаат қилган Эрдўғон.

Сиёсий етакчига кўра, Туркия разведка ва хавфсизлик соҳасида эришаётган ютуқларга бутун дунё гувоҳ бўлиб турибди.

«Қолаверса, биз кеча пайдо бўлган давлат эмасмиз. Буни ҳеч ким унутмаслиги керак», – деб таъкидлаган Туркия раҳбари.

Маълумки, Исроил ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазога қўшин киритди. Халқаро ташкилотлар ҳарбий амалиёт жараёнида минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётгани ҳақида бонг урмоқда.

Туркия раҳбари Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазодаги ҳарбий жиноятлари учун жазоланишига ишонч билдирган.

Кўплаб мусулмон давлатлар қатори Туркия ҳам 1967 йилги чегараларда, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати ташкил этилиши лозимлигини айтиб келади. Эрдўғон бу гал ҳам ушбу талабни ёдга солган.

«Ҳозирги вазиятда Исроил учун энг мақбул йўл – 1967 йилги чегараларда мустақил Фаластин давлати ташкил этилишига рози бўлиш ва Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларини қонуний эгасига қайтаришдир», – деди у.

Маълумот ўрнида, аввалроқ АҚШнинг The Wall Street Journal нашри Исроил ҲАМАСнинг хориждаги етакчиларини ўлдирмоқчи экани ҳақида хабар берган эди.

Мақолада яҳудий давлати махсус хизмати ҲАМАСнинг Туркия, Қатар ва Ливандаги аъзоларини таъқиб этиши баён қилинган.

Исроилнинг KAN телевидениеси орқали намойиш этилган суҳбатда ҳам мамлакатнинг ички разведка хизмати раҳбари Ронен Бар суиқасдлар режаси ҳақида гапирган.

Расмий Анқара Тель-Авив маъмуриятининг Ғазодаги халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларини кескин танқиб қилиб келмоқда.

Аввалроқ президент Эрдўғон Фаластинда ҳарбий жиноятлар содир этаётган Исроилни жазолашга ҳаракат қилиши ҳақида гапирган эди.

Шунингдек, у Ғазода доимий ўт очишни тўхтатиш ва инсонпарварлик ёрдамининг узлуксиз етказилишини талаб қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг