Экстремал об-ҳавонинг глобал зарари ҳисобланди
Охирги 20 йил ичида экстремал об-ҳаво ҳодисаларидан кўрилган глобал зарар соатига 16 миллион долларни ташкил этди. Бу миқдор Янги Зеландиядаги Веллингтон университети олимлари томонидан ҳисоблаб чиқилган, деб ёзади The Guardian.
Иш техноген глобал иситиш билан бевосита боғлиқ бўлган харажатларнинг умумий ўсишини баҳолаш бўйича биринчи тадқиқот бўлди. 2000 йилдан 2019 йилгача дунёнинг барча мамлакатлари иқлим ўзгариши таъсиридан йилига ўртача 140 миллиард доллар йўқотди, аниқ миқдор эса маълум бир йилга қараб 60 дан 230 миллиардгача ўзгариб туради.
Нархлар бўйича энг катта зарар 2003 йилда, Европада ғайритабиий иссиқлик тўлқини бўлганида, шунингдек, 2010 йилда Сомалида қурғоқчилик ва Россияда иссиқлик тўлқинлари содир бўлганида кузатилган. Вайрон қилинган ва шикастланган мулклардан энг оғир йўқотишлар 2005 ва 2017 йилларда АҚШда бўронлар туфайли содир бўлган. Олимлар 2022 йил учун етказилган зарар миқдорини ҳам ҳисоблаб чиқдилар – у 280 миллиард долларга етди.
Кўрсаткичлар компьютер моделлари томонидан қилинган тахминлардан сезиларли даражада ошиб кетди. Бунинг сабаби шундаки, бундай моделлар дунё бўйлаб экстремал ҳароратнинг ортиб бораётган частотаси ўрнига глобал ҳароратнинг ўзгаришига асосланган. Бироқ, тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, маълумотларнинг етишмаслиги сабабли (айниқса камбағал мамлакатлар тўғрисида) зарар баҳоси ҳали ҳам асл ҳолатдан анча паст. Ҳисоб-китобларда, шунингдек, ҳосилдорликнинг пасайиши ва денгиз сатҳининг кўтарилиши оқибатлари каби йўқотишлар ҳисобга олинмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter