Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИда катта сиёсий тадбир. Асосий саволларга жавоб

ЕИда катта сиёсий тадбир. Асосий саволларга жавоб

Жорий йил 6-9 июнь кунлари Европа Иттифоқида муҳим сиёсий тадбир – парламент сайлови бўлиб ўтмоқда. ЕИга аъзо 27 давлатнинг қарийб 373 миллион фуқаролари тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан 720 нафар депутатни сайлайди.

Дунё геосиёсатида кескинлик ортган, хавфсизлик, мудофаа, иқлим ўзгариши, миграция каби муаммолар кун тартибига чиққан бир пайтда бу таҳлилчилар томонидан ЕИ учун тақдириламул сайлов деб баҳоланмоқда.

2019 йил май ойида бўлиб ўтган сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 50 фоизи иштирок этган бўлса, бу гал “давомат” юқори бўлиши, электоратнинг 60 фоизи овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиши кутилмоқда.

Европа парламенти Европа Кенгаши каби ЕИнинг қонун чиқарувчи идораси саналади. Парламент ва Кенгаш фаолияти икки палатали парламент фаолиятини ёдга солади.

Европарламент 1957 йилда ташкил этилган. У пайтда қонунчилик идораси Европа ҳамжамиятлари ассамблеяси деб аталган. Дастлаб Европарламент аъзолари аъзо давлатлар қонунчилик идоралари томонидан тайинланган. 1971 йилдан эътиборан Европарламент аъзолари аҳоли томонидан сайланади. Унинг йиғин ва мажлислари  Страсбург ва Брюссель шаҳарларида ўтказилади.

Европа парламенти томонидан махсус ташкил этилган сайтда сайловга доир муҳим саволларга жавоб берилган. Қуйида ушбу маълумотларни келтириб ўтамиз.

Ҳар беш йилда ўтадиган сайловда ЕИ давлатлари фуқаролари парламентда ўз манфаатларини ҳимоя қиладиган вакиллар учун овоз беради. Бу гал европаликлар ўтган галгидан 15 та кўп – жами 720 нафар депутатни сайлайди. Қоидага кўра, депутатлар сони ҳар бир сайлов арафасида аниқланади, аммо уларнинг умумий миқдори 750 нафардан ошиб кетмаслиги керак.

Депутатлик креслоси аъзо давлатлар ўртасида қуйидагича тақсимланади: Германия – 96, Франция – 81, Италия – 76, Испания – 61, Польша – 53, Руминия – 33, Нидерландия – 31, Бельгия – 22, Греция – 21, Чехия – 21, Швеция – 21, Португалия – 21, Венгрия – 21, Австрия – 20, Болгария – 17, Дания – 15, Финляндия – 15, Словакия – 15, Ирландия – 14, Хорватия – 12, Литва – 11, Словения – 9, Латвия – 9, Эстония – 7, Кипр – 6, Люксембург – 6, Мальта – 6.

ЕИ ҳукуматлари вакиллари билан биргаликда парламент аъзолари иқтисодиётдан иқлим ўзгариши масалаларига қадар – 27 давлат фуқаролари ҳаётига дахлдор қонунларни яратиш ва қабул қилишга масъулдир. Парламент инсон  ҳуқуқларига ҳурмат, эркинлик, демократия, тенглик ва қонун устуворлиги каби умумевропа қадриятларини қўллаб-қувватлайди ва ҳимоя қилади.

Қонунчилик идораси, шунингдек, ЕИ бюджетини тасдиқлайди ва унинг сарфини назорат қилади, Европа комиссия раҳбари ва комиссия аъзоларини сайлайди.

ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель сайлов муносабати  билан йўллаган мурожаатида электоратни овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишга чақирган.

Дунёдаги энг йирик сиёсий жараён саналган сайловга ташқи кучлар томонидан таъсир кўрсатиш, дезинформация, ахборот манипуляцияси орқали электоратни чалғитишга уринишлар мавжуд. Қайд этилишича, ЕИнинг ваколатли идоралари сайлов очиқ, шаффоф ва демократик қадриятларга мувофиқ ўтиши учун дезинформация, ахборот манипуляцияси ва фейкларга  қарши курашиш учун изчил чора-тадбирлар кўрган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг