Дунёда 300 миллионга яқин инсон очлик хавфи остида – глобал инқироз ҳақида таҳлилий ҳисобот эълон қилинди

2024 йилда урушлар, иқлим ўзгариши, иқтисодий инқироз ва гуманитар ёрдамлар қисқариши туфайли дунё бўйлаб озиқ-овқат хавфсизлиги жиддий таҳдид остида қолмоқда. «The Guardian» нашри халқаро таҳлилларга асосланган ҳолда, бу ҳолат 300 миллионга яқин инсоннинг очлик хавфига учрашига сабаб бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳон бўйлаб 13,7 миллион киши сурункали озиқ-овқат танқислигига дуч келган. «Кучли озиқ-овқат танқислиги» даражасидаги инсонлар сони эса 295,3 миллион нафарга етган — бу 53 мамлакат аҳолисининг 22,6 фоизини ташкил этади. Улардан 95 фоиздан зиёди Ғазо сектори ва Суданда яшайди.
Суданда фуқаролар уруши оқибатида расмий очарчилик ҳолати қайд этилди. Бу давлатда 24 миллиондан зиёд аҳоли озиқ-овқат етишмаслигидан азият чекмоқда. Ғазо секторида эса отишмалар тўхташига қаратилган келишув бузилиши, ўтиш нуқталари ёпилиши ва гуманитар ёрдам блокада қилингани боис 2,1 миллион аҳоли очликнинг «критик хавфи» остида қолгани қайд этилмоқда.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Мянма, Нигерия, Конго Демократик Республикаси каби 19 давлатдаги қуролли тўқнашувлар ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини янада ёмонлаштирмоқда. Шу билан бирга, иқлим ўзгариши туфайли Эфиопия, Кения, Сомали, Афғонистон ва Покистонда қурғоқчилик хавфи юқори даражада қолмоқда.
Бундан ташқари, «USAID» томонидан молиялаштиришнинг тўхташи оқибатида Судан, Ямайка ва Гаити каби давлатларда 14 миллиондан зиёд болалар озиқ-овқат хизматларисиз қолган. Бу эса уларнинг қашшоқлик ва ўлим хавфини янада ошириши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter