Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дариға Назарбоева нега олий лавозимдан бўшатилди?

Дариға Назарбоева нега олий лавозимдан бўшатилди?

58 ёшли Дариға Назарбоева сиёсий саҳнани бутунлай тарк этадими ё фаолиятини бошқа лавозимда давом эттирадими?

Фото:«Reuters»

2 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев фармонига биноан мамлакат парламенти юқори палатаси депутати Дариға Назарбоеванинг ваколати муддатидан аввал тугатилди. Д.Назарбоева 2016 йилдан буён депутат сифатида, 2019 йил 20 мартдан буён эса Сенат раиси (спикери) лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.  Депутатлик мақомидан маҳрум этилиши билан у автоматик равишда спикерлик рутбасидан ҳам айрилди. 

Сўнгги кунларга қадар Дариға Назарбоева отаси – элбоши Нурсултон Назарбоев ҳамда президент Қосим-Жўмарт Тўқаевдан сўнг учинчи қудратли шахс саналар эди. Мамлакат қонунчилигига кўра, давлат раҳбари ваколати муддатидан аввал тугатилган тақдирда унинг вазифаларини Сенат раиси бажаради. 

Хўш, яқингача отасининг вориси ўлароқ баҳоланган хонимнинг юксак лавозимдан бўшатилиши нимани англатади?

Қозоғистонлик сиёсатшунос Досим Сатпаев Дариға хонимнинг депутатлик рутбасидан маҳрум этилиши мамлакат сиёсатидаги беқарорликдан далолат беради, деб ҳисоблайди. Таҳлилчига кўра, Д.Назарбоевага қандай лавозим берилиши ва Сенат раиси лавозимига ким келиши ички сиёсий курашлар ҳақида аниқроқ тасаввур беради. Агар спикерлик курсисини Қ.Тўқаевга яқин арбоб эгалласа, у ҳолда сўнгги ўзгаришларни амалдаги президент мавқеини мустаҳкамлаш йўлидаги уриниш дея баҳолаш мумкин. 

Қозоғистонни 29 йил давомида танаффуссиз идора этган Нурсултон Назарбоев 2019 йил мартда истеъфога чиққан эди. Назарбоев де-юре мамлакат раҳбарлигидан кетган бўлса ҳам, де-факто Хавфсизлик кенгаши раиси сифатида ҳамон от устида. Амалдаги президент Қ.Тўқаев номзодини ҳам элбошининг ўзи таклиф этган ва сайловда қўллаб-қувватлаган. Шу боис айрим таҳлилчилар Қ.Тўқаев томонидан валинеъматининг қизи лавозимдан бўшатилиши ўзига хос давлат тўнтариши дея баҳоламоқда.

«Ушбу қарор Тўқаев аста-секин мамлакатнинг тўлақонли ва тўлиқ ваколатли раҳбарига айланаётганини кўрсатади. Бир йилча аввал эҳтиёткорлик юзасидан ҳамда кучлар мувозанати учун Дариға Нурсултоновна керак бўлган эса, эндиликда амалдаги президент муҳим қарорлар қабул қилишда унга халал бераётган кучни бартараф этмоқда», – дейди МДҲ мамлакатлари институтининг Марказий Осиё ва Қозоғистон бўлими раҳбари Андрей Грозин. 

Қозоғистоннинг уч қудратли шахси. 2 майдан эътиборан улар сафи биттага камайди. Фото:«AFP»

Қозоғистонлик сиёсатшунос Айдос Сарим ҳам бугун жуда мураккаб синовлар билан рўбарў турган мамлакат учун олий ҳокимиятдаги яккабошлик муҳим эканини таъкидлайди.  

«Бугун ҳокимият ва сиёсий элита бирлик ҳамда бирдамликка жуда-жуда муҳтож. Раҳбарият мамлакатни уч томонлама инқироз, фавқулодда ҳолат ва карантин режимидан олиб чиқиши керак. Инқирозга қарши дастурлар ишлаб чиқиш, иқтисодиётни қайтадан барпо этиш, туб ислоҳотлар амалга оширишдек мушкул вазифалар турибди. Буларнинг бари бутун ҳокимият Қозоғистоннинг иккинчи президенти қўлида жам бўлишини тақозо этади», – дейди Айдос Саримов.

Қозоғистонлик бошқа бир сиёсий таҳлилчи Дониёр Ашимбоев эса Дариға хоним сиёсий амбициялари боис лавозимдан бўшатилганини таъкидлайди.

«Д.Назарбоева мамлакатнинг кейинги президенти бўлиши ҳақидаги овозалар кўпроқ унинг шахсий амбицияларига асосланган эди. Чунки ота қизини ушбу лавозимда фаолият юритишига хайрихоҳ бўлиши амримаҳол эди. Агар буни истаганида, унга бошқарув борасида кўпроқ тажриба тўплаш имконини берган бўлар эди. Унинг амбициялари эса пойтахтда вужудга келган кучлар мувозанатига салбий таъсир кўрсатаётган эди», – дея мулоҳазалари билан бўлишади Д.Ашимбоев.

Марказий Осиё минтақаси бўйича етакчи мутахассис Аркадий Дубнов эса спикернинг ҳурмат-иззат билан кузатилиши Нурсултон Назарбоев билан аввалдан келишилган ҳолда амалга оширилган деган фикрда.

Айрим таҳлилчиларга кўра, президент Тўқаев  Дариға хонимни депутатликдан бўшатиш масаласини Нурсултон Назарбоев билан аввалдан келишган. Фото:«Sputnik»

«Тўқаев ворисликка ҳозирланар экан, у ўз фаолияти давомида риоя этиши керак бўлган шартлар, шу жумладан, барча муҳим қарорларни келишган ҳолда қабул қилиши муҳокама этилган. Ушбу қарор ҳам (Д.Назарбоеванинг парламентдан кетказилиши – таҳр.) шулар cирасига киради», – дейди А.Дубнов.

Яна бир гап. Кейинги йилларда Дариға хоним ва унинг ўғиллари теграсидаги можаролар тинмаяпти. Масалан, гиёҳвандликка муккасидан кетган Ойсултон Лондонда полициячини тишлаб олган ҳақидаги хабарлар ҳовури ҳали босилмай туриб, у жорий йил бошида Facebook тармоғида шов-шувли баёнот берди. Нурсултон Назарбоевнинг набираси эмас, фарзандини эканини иддао қилган Ойсултон Россия ва Қозоғистонда табиий газ савдоси билан боғлиқ коррупция ўйинларидан бохабар эканини баён қилди. Пировардида эса, Қозоғистон биринчи оиласи вакили Буюк Британиянинг сиёсий бошпана сўради.

Элбошининг набираси ўзга давлатдан сиёсий бошпана олгани ортидан юзага келган саросима кайфияти ҳали тарқамасдан, Лондонда Дариға Назарбоева ва унинг бошқа ўғли Нурали тегишли қаср ҳамда қимматбаҳо квартира суд томонидан коррупция гумони билан ҳибс этилди. Дариға хоним суд қарорини бекор қилиб, тураржойларини қўлида сақлаб қолган бўлса-да, Қозоғистон жамоатчилиги президентнинг қизи юз миллион долларлик мулкка эгалик қилаётганини хушҳол қабул қилмади, албатта.

Дариға Назарбоева отаси билан Буюк Британия қироличаси Елизавета II қабулида. 2015 йил 4 ноябрь. Дарвоқе, айни пайтда унинг ўртанча ўғли Ойсултон айнан ушбу мамлакатда сиёсий бошпана олган ҳолда яшаб келмоқда. Фото:«AFP»

2016 йилда Текширувчи журналистлар халқаро уюшмаси «Панама ҳужжатлари» номи билан танилган шов-шувли материалларни эълон қилди. Унда дунё бўйича машҳур сиёсатчи ва арбобларнинг яширин банк ҳисоблари – офшор ширкатлари хусусидаги маълумотлар фош этилган эди.  «Панама ҳужжатлари»да ҳам Дариға Назарбоеванинг номи қайд этилган. Аммо бу алоҳида мақола мавзусидир.

Таҳлилчиларга кўра, бу каби можаролар нафақат элбошининг оиласи, балки бутун мамлакат раҳбарияти обрўсига соя солаётган эди ва шу боис ҳам айбдорга «жазо» қўлланган ҳолда, олий ҳокимият маъсумиятига эришилди.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг