Cобиқ президентнинг қўлга олиниши (1-мақола)
Марказий Осиё замонавий тарихида биринчи марта собиқ президент ҳибсга олинди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов изоляторида сақланаётган сиёсатчисига бирваракайига 14 та айб қўйилмоқда.
Айблар сиёсийми?
Охирги воқеалар қирғизлар тадрижий тараққиёт йўлини танламагани аёнга ўхшайди. Балки «тадрижий инқилоб йўли» улар учун маёқдай. Бу тенденция даврлар ўтгани сари тобора мустаҳкамланиб боряпти. Бу ерда кўтарилган ҳар бир кетмон ёки болта тезгина ҳақиқий автомат ёки танкка айланиб кетиши мумкин.
Яқинда Қирғизистоннинг Қўйтош манзилида икки кунлик отишмалардан кейин собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг ҳибсга олиниши мамлакатдаги сиёсий жараёнларни кескин қалқитиб юборди.
Собиқ президент тарафдорларининг куч тизимлари ҳаракатига норозилиги оқибатида 170 киши, жумладан 79 нафар ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари яраланди.
Давлатнинг аввалги раҳбарлари Акаев ва Бакеевнинг мамлакатдан қочиб кетиши, Атамбаевнинг бу каби намойишкорона қўлга олиниши Қирғизистонда сиёсий ўйин қоидалари минтақадаги анъанавий тушунчалардан яққол фарқ қилинишини кўрсатди.
Ҳозир собиқ президент тарафдорлари ва амалдаги раҳбарият кучлари ўртасидаги зиддият кучайса-кучайяптики, сира сусаймаяпти.
А.Атамбаев атрофидаги воқеалар ҳозир тергов ва суд маҳкамаларига кўчди. Унга аввал бошида қўйилган асосий айблов – асли келиб чиқиши чечен бўлган «қонундаги ўғри» Азиз Батукаевни ноқонуний озод қилиш ва уни 2013 йилда саратон хасталиги мавжудлиги баҳонасида сохта маълумотнома бериб, озодликка чиқариш айби «арзимас» бўлиб қолди.
Уни 26 октябрга қадар ҳибсда ушлаб туриш бўйича суд қарори чиқарилди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов изоляторида сақланаётган сиёсатчига бирваракайига 14 та айб қўйилмоқда.
Ҳокимият вакилларига куч ишлатиш, оммавий тартибсизликлар ташкил этиш, қотиллик, суиқасд, тутқунликда сақлаш, қурол-аслаҳатлардан ноқонуний фойдаланиш, коррупция ва ҳоказо айблар қўйилмоқда. Давлат органлари унинг мулклари, қимматли қоғозларига банд қўйди, акция ва банк ҳисоб рақамларини ёпиб қўйди. Барча айбловлар тасдиқланса, у умрбод қамоқ жазосига тайинланиши мумкин.
Лекин собиқ президент барча айбларни инкор қиляпти ва улар сиёсий характерга эгалигини айтмоқда. Унинг адвокати сўзларига кўра, собиқ президент тергов бошланганидан буён ҳеч бир саволга жавоб бергани йўқ. Унга нисбатан ҳаракатлар ноқонунийдир. Шу сабабли ҳам конституцияга зид сўровлар учун ҳам тергов идораларига чақиртирилганда келмаган эди...
Энг қизиғи, суднинг айблов хулосаси чиқмагунга қадар собиқ президент дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланар, Миллий хавфсизлик хизмати давлат қўмитасининг 9-бўлинмаси ҳимоясида бўлиб турган эди.
Яъни «Альфа»чилар ҳужум қилган чоғда унинг уйини хавфсизлик идорасининг бошқа ходимлари ҳам ҳимоя қилиб турганди. Шу сабабли ҳам кучишлатар органларнинг мувофиқлаштирилмаган хатти-ҳаракати, нопрофессионаллиги кўп савол ва норозиликларни келтириб чиқармоқда.
Бир пайтнинг ўзида Атамбаевнинг жияни Нурбек Шаршенов, сайлов штаби собиқ бошлиғи Фарид Ниязов, халқ штаби бошлиғи Кияс Смалиев, Алга Киличев, Амантур Жамгирчиев ҳибсга олинди. 2015-2018 йилларда Қирғиз Республикаси бош прокурори бўлган, Атамбаевнинг ҳаммаслаги Аида Салянова хоним эса уй қамоғига солинди.
Атамбаев бадавлат сиёсатчилар қаторига киради. У 2017 йилда расмий декларация тўлдирганида бир йилда 100 миллион қирғиз суми (1,5 миллион доллар)га яқин ишлаб топгани қайд этилганди. Албатта, бу ҳамма топган даромади эмаслиги аниқ.
Шу кунларда Атамбаев назоратида бўлиб келган «Апрель» телеканали махсус кучлар томонидан эгаллаб олинди, «Қирғизавтомаш», «Медиа Форум» ташкилотларига банд қўйилди. Оила аъзоларига жиноят иши очилиб, 77 та кўчмас мулклари хатланди.
Аммо Атамбаевнинг асосий бизнеси ва даромадлари Туркиядаги тадбиркорлик фаолиятидан келади. Органлар қўли у ердаги бизнесигача етиб борганми-йўқми, буниси ҳозирча қоронғу. Лекин бунинг уддасидан чиқа олишганига шубҳа бор.
Атамбоев реалликдан узилган эди...
Атамбаев ҳақиқатда айбдорми? У нима қилдики, бу куйга тушиб қолди? 62 ёшли Алмазбек Атамбаев мамлакатни 2011-2018 йилларда президент сифатида идора этди. Ундан аввал ҳам икки бора бош вазирлик лавозимида ишлаган арбобдир.
Унинг бошқарув йилларида Қирғизистоннинг иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичлари яхшиланиб кетмади. Атамбаев ҳокимиятга келгач, аҳоли орасида тажовузкор шовинизм кайфияти кучая бошлади.
2014 йилда АҚШ Давлат департаменти этник ўзбек бўлган ва умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган Азимжон Асқаровни «Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси» мукофотига лойиқ кўрган даврга бориб миллатлараро муносабатлар ўзининг фожиавий нуқтасига чиқди.
Ўшанда қирғизистонлик ўзбекларга кучли босим ўтказган марказий ҳукумат «этник зиддият қўзғаш» айби билан Асқаровга ҳукм эълон қилди. Оқ уйнинг қарорини Атамбаев кескин қоралади ва шу биргина сабаб АҚШ билан муносабатларнинг бузилишига олиб келди. Ўзбекистон билан эса муносабатларни минимал даражага туширди ва собиқ президент Каримов номига бир неча бор аччиқ танқидларни ёғдирди.
Узоқни кўра олмаётган ва ортиқча эмоционалликка берилаётган сиёсатчи аста-секин реалликдан узилиб борди. 2010 йилда қабул қилинган янги конституцияга кўра, президентнинг бошқаруви фақат бир муддат ва олти йил эканлигини ёдда тутган ҳолда ҳокимиятга қайтишнинг Путинча усулини қўллашга ҳаракат қила бошлади.
Расмий равишда ўзининг дўсти ва партиядоши Сооронбай Жээнбековни президент этиб тайинлаш, ўзи эса парламент спикери ёки бош вазирлик лавозимини эгаллаш йўли билан давлатни «меросхўри» орқали идора қилишни мўлжаллади.
2017 йил 15 октябрдаги президентлик сайловларида у давлатнинг барча маъмурий кучларини ташлаб, С.Жээнбеков номзодини қўллаб-қувватлади. Чунки Жээнбеков билан 1990 йиллардан буён бирга ишлаб келишар эди. Атамбаев ҳокимиятга келгач, уни қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинлади. Ортиқча амбициялардан ҳоли, мўмин-қобилгина Жээнбеков унга «ворислик» учун энг мақбул номзод эди.
Унинг асосий рақиби 47 ёшли, «Республика – Ата Журт» мухолиф партияси ҳамраиси, 2011-2012 йилларда мамлакат бош вазири бўлган ва мамлакатнинг энг бой одами ҳисобланган (1,5 миллиард долларга эга) Омурбек Бабанов эди.
Сайлов жараёнида О.Бабановни ёмонотлиқ қилиш компаниясини бошлаб юборди. Ўшанда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбаевнинг О.Бабанов билан учрашганини эса дунёга думбура қилиб, оҳ-воҳ солди, Назарбоевни давлат ишларига аралашишда айблади, қирғиз-қозоқ муносабатларига жиддий путур етказди.
Ўзига ҳаддан ташқари ишониб юборган Атамбаев шунда Назарбаевнинг шахсига нисбатан қўпол фикрларни билдирди. Ҳатто минтақадаги қўшни давлатларни Қирғизистондаги демократик ислоҳотлар ёқмаётганликда айблади.
Хуллас, сайловларда Жээнбеков кутилганидек, 54,75 фоиз натижа билан ғалаба қозонган бўлса, Бабанов 33,72 фоиз овоз тўплади. «Меросхўр операцияси» муваффақиятли тугаб, у 24 ноябрда мамлакатнинг янги президенти этиб сайланди. Янги президентнинг биринчи фармони устози – А.Атамбаевга Қирғиз Республикаси қаҳрамони унвонини бериш бўлди.
Атамбаев ва унинг «шогирди» командасининг биринчи иши мухолифатни бошсиз қолдириш эди. 4 ноябрда бош прокуратура сиёсий рақиб – Омурбек Бабановга жиноят иши қўзғатди. Конституциявий давлат тузумини зўрлик билан ўзгартириш, миллий, ирқий ва диний адоват қўзғаш жиноятлари бўйича ёстиқдай иш очилди.
Бабанов сайловолди ташвиқотларида «Амир Темур» микроҳудудидаги ўзбеклар билан учрашгани бош айб сифатида тиркалди. Ўша учрашувда «мамлакатда ўзбеклар ҳуқуқлари камситилаётгани, миллий нотенглик мавжудлиги, давлат органларида ўзбек миллати вакилларига босимлар кучаётгани, бунга қарши фаол курашишга» чақирилган эмиш. Буларнинг барчаси миллатлараро адоват қўзғаб, қонли зиддиятга сабаб бўлармиш ва айбдорни жазолаш даркор экан.
Жиноят иши очилган вақтда О.Бабанов хорижга даволаниш мақсадида чиқдию кўздан йўқолди. 2017 йил 13 ноябрда у хориждан туриб парламент фракцияси раҳбарлигидан кетганини ва 30 декабрда сиёсатдан ҳам бутунлай воз кечганини эълон қилди. Аммо Жээнбеков ҳар эҳтимолга қарши унга қарши яна бир айблов бўйича жиноят ишини тахлаб қўйди.
Кўп ўтмай, яна бир эҳтимолий рақиб – Аскар Акаев даврида етакчи мухолиф куч бўлган, 2005-2006 йилларда парламентни бошқарган, 1995, 2000 ва 2017 йилларда президенликка ўз номзодини қўйган «Ота Макон» партияси етакчиси Омурбек Текебаев нишонга олинди.
У 2016 йилда Атамбаевнинг конституцияга ўзгартириш киритиш ҳақидаги режасини танқид қилган эди. Атамбаев ва унинг атрофидаги шахсларни ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар олиб бораётганликда айблаган ва президентга импичмент эълон қилиш таклифини билдирган ҳам айнан у эди. Натижада унга ҳам 2017 йил февралда жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа ташланди.
«Ворислик операцияси» акс натижа берди
Шу тариқа Атамбоев учун ҳаммаси силлиқ ва кўзланган режа бўйича кетаётган эди. Фақат Жээнбековнинг унинг гапига кирмай қўя бошлагани ҳақиқий бошоғриғига айланди. Чунки бу оддий сиёсатчи эмас, мамлакат президент эди-да. Улар ўртасида бошланган даҳанаки баҳслар ҳақиқий зиддиятга айланиб кетди.
2018 йил 28 мартда улар орасида 4 соатдан ортиқ ёпиш эшиклар ортида юзма-юз суҳбат бўлиб ўтди. Бу устоз ва шогирднинг энг охирги учрашуви бўлиб чиқди.
Шундан кейин Атамбаев президентнинг турли тадбирларида иштирок этиш бўйича барча таклифларини инкор қилди, ўзига тегишли оммавий ахборот воситаларида амалдаги давлат раҳбарига нисбатан кучли прессинг қўллай бошлади. Жээнбековни оммавий ахборот воситалари орқали сайлов вақтида овозларни сотиб олганликда айблай бошлади.
Муаммонинг илдизини айнан шу жойдан қидириш керак. Яъни Атамбаевнинг йўриғига юрмаган президент унга ёқмай қолди. Амалдаги президент эса шунчаки қўғирчоқ эмас, балки ҳокимиятни бошқаришга қодир ҳақиқий раҳбар бўлиш нияти қатъийлигини кўрсатиб қўйди.
Атамбаев ҳукмрон партия етакчиси сифатида 2020 йилдаги парламент сайловларида ғалаба қозониш ва бош вазирлик курсисини эгаллаш режасини Жээнбеков яхши биларди. Бунинг учун Атамбаев президентлик лавозимидан кетиш чоғида бош вазир ваколатларини кенгайтирувчи меъёрларни ўрнатиб қўйган эди.
Жээнбеков учун яқинда ўзи билан зиддиятга киришган сиёсатчининг мамлакатдаги бу муҳим лавозимга келиши ҳақиқий мағлубият бўларди.
Жээнбеков аввало коррупцияга қарши кураш ниқоби остида ўзига ҳаддан ташқари ишонаётган Атамбоевнинг ҳокимиятдаги энг яқин одамларини ҳибсга ола бошлади. Жумладан, Атамбаевнинг ўнг қўли бўлган икки нафар собиқ бош вазир (хусусан, Сапар Исаков), шунингдек Бишкек шаҳри собиқ мэри қўлга олинди.
Навбат Атамбаевнинг ўзига келган эди. Лекин у собиқ президент бўлгани учун дахлсизлик мақомидан фойдаланар, уни шунчаки қамаб қўйиш қонунан мумкин эмасди. Бунинг учун июн ойида парламентда собиқ давлат раҳбарининг дахлсизлик мақомидан ва давлат таъминотидан мосуво қилишди ҳамда прокуратура жиноят иши очиш учун ҳуқуқий асос яратилди.
«Менда совға тариқасида берилган қурол бор. Агар ким мени ҳибсга олишга келса мен уни отиб ташлайман», деб тутоқиб кетди парламент уни дахлсизлик мақомидан маҳрум қилгач ўтказилган матбуот анжуманида Атамбаев.
А.Атамбаевнинг Бишкекдан 20 километр олисда жойлашган Қўйтошдаги ҳашаматли ҳовлисида яшарди. У бир кунмас, бир кун уни қўлга олишларини яхши биларди. Шу сабабли ўз тарафдорлари ва қишлоқдошлари иштирокида «халқ штаби» кучларини тузди. Уларга яхшигина маблағ ажратиб турилди. Ҳар куни бу ерда юзлаб кишилар навбатчиликда турар ва ўз раҳнамосини астойдил қўриқлар эди.
Бу орада қўшиқ кўйлашни ҳоббига айлантирган Атамбоев ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан уч маротаба терговга чақирилди. Лекин у бу каби талабларга амал қилишни ўзига эп билмади ва бирорта сўровни қаноатлантирмади.
Бу орада у Россиянинг Кант авиабазасидан шахсий самолётда Москвага борди ва президент Владимир Путин билан учрашиб қайтди. Суҳбатда нима масала кўтарилган ва ўртада қандай келишув бўлгани сирлилигича қолмоқда.
Бироқ Путиннинг расмий баёноти шундай янгради: «Барча фуқаролар амалдаги президент Жээнбеков атрофида бирлашиши ва давлатни ривожлантириш учун унга ёрдам бериши лозим. Биз Қирғизистон билан ҳамкорлик бўйича кўп режаларга эгамиз. Бошқарувдаги ҳукумат билан бу режаларни амалга ошириш ниятидамиз».
Албатта, икки сиёсатчи ўртасидаги қарама-қаршилик узлуксиз давом этиши мумкин эмас эди. Бу қўшҳокимиятга ва мамлакатнинг бўлишиниб кетишига сабабчи бўларди.
Ниҳоят 7 августда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 57 кишидан иборат «Альфа» махсус антитеррор бўлинмаси кутилмаганда собиқ президентнинг ҳовлисига бостириб кирди. Бироқ шармандали тарзда муваффақиятсизликка учради, аксарияти ортга чекинди, 1 киши қурбон бўлди, 19 нафари жароҳат олди, 8 киши асирга олинди, уларнинг қурол-аслаҳалари Атамбаев тарафдорлари томонидан эгаллаб олинди.
Орадан бир кун ўтиб иккинчи урунишда 3 минг милиция ходими ва махсус техникалар жалб қилинди ва Атамбаев ниҳоят қўлга олинди.
(давоми бор)
А.Ҳасан ўғли
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter