«Бойқушлар макони»га айланган ҳудуд
Бугун, 7 октябрь куни Исроил армияси Ғазо секторига ҲАМАС ҳаракатининг ҳужумига жавобан бостириб кирганига бир йил тўлди.
365 кундан буён давом этаётган муттасил бомбардимонлар, қуруқлик ва денгиз орқали ҳужумлар оқибатида 41870 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 97 мингдан зиёди яраланди. Ҳалок бўлганларнинг 11378 нафари аёллар ва 17 минг нафари болалардир. Яна 10 мингга яқин фаластинлик вайрон бўлган бинолар остида қолиб кетган.
Бир йиллик беаёв ҳужум оқибатида Ғазо секторидаги 902 та оиланинг барча аъзолари қирилиб кетди, 1364 та оиладан биргина вакил омон қолди.
Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазо секторининг асосий қисми яшаш учун яроқсиз ҳолга келди. 2,4 миллион нуфусли ҳудуднинг аксар аҳолиси бошпанасидан айрилди.
Ҳужумлар оқибатида шифохоналар вайрон бўлди. Камида 986 нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлди.
2023 йил 7 октябрга қадар Ғазо секторида 17 та университет ва коллеж, 796 та мактаб фаолият юритган. Сўнгги бир йил ичида олий ва ўрта таълим муассасалари вайрон қилинди, таълим жараёни тўхтади.
Ҳужумлар оқибатида 11500 нафар ўқувчи, 750 нафар мактаб ўқитувчиси ва ходими, 115 нафар университет профессор-ўқитувчиси бевақт ҳаётдан кўз юмди.
Бир йил ичида Ғазодаги 611 та масжид бутунлай, 214 таси қисман вайрон бўлди. 206 та тарихий обида ва ёдгорликлар кунфаякун этилди.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббосга кўра, «Исроил армиясининг геноциди оқибатида» Ғазо секторида 90 фоиз инфратузилма йўқ қилинди.
Халқаро ҳамжамият очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар кенг ёйилган Ғазода ўт очишни тўхтатишни талаб қилиб келмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter