Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Боку декларацияси: муҳим масалаларда уч давлатнинг фикри бир жойдан чиқди

Боку декларацияси: муҳим масалаларда уч давлатнинг фикри бир жойдан чиқди

15 март куни Боку шаҳрида Озарбайжон, Туркия ҳамда Грузия ташқи ишлар вазирларининг тўққизинчи учрашуви бўлиб ўтди. Озарбайжон ТИВ таклифи билан ўтказилган машваратда халқаро сиёсатга доир муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Жаҳон геосиёсатида аҳамияти тобора ошиб бораётган Жанубий Кавказда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учрашувнинг марказий мавзуси бўлди.

Музокара якунида Озарбайжон (Жайҳун Байрамов), Туркия (Хоқон Фидан) ҳамда Грузия (Илья Дарчиашвили) ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланган Боку декларациясида уч давлат долзарб масалалар юзасидан муштарак позицияда экани қайд этилган.   

Декларацияга кўра, Озарбайжон, Туркия ҳамда Грузия бир-бирининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегаралари дахлсизлигини қатъий ва собит равишда қўллаб-қувватлайди.

Озарбайжон Республикаси қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтаришга муваффақ бўлди. Томонлар Озарбайжон ҳудудий яхлитлиги тикланганини олқишлаб, Қорабоғ минтақасида олиб борилаётган тиклаш, реконструкция ишларига хайрихоҳлик изҳор қилган.

Айни пайтда Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги робиталарнинг нормаллашуви кун тартибидаги муҳим масалалар сирасига киради. Декларацияда икки давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегаралари дахлсизлигини ҳурмат қилган ҳолда муносабатларни изга солиши минтақа ҳамкорлигида янги уфқларни очиши таъкидланган. 

Қора денгизда таранглик кучайиб бораётган бир пайтда Туркия томонидан Монтрё конвенциясига изчил риоя этилиши муҳимлиги урғуланган.

Боку декларациясида Грузиянинг халқаро миқёсда тан олинган ҳудудий яхлитлиги қайта тикланиши лозимлиги ҳам алоҳида қайд этилган.

Вазирлар дунё ҳамжамияти эътиборидаги масала – Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларга ҳам муносабат билдирган. Уларга кўра, Ғазода зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва инсонпарварлик кўмагининг тўсиқсиз, мунтазам етказилишини  таъминлаш лозим.

Транспорт ҳамда коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш борасида  Боку, Анқара ва Тбилисининг фикри бир жойдан чиққан. Жумладан, уч давлат ҳудудидан ўтувчи Транскаспий ўрта коридори транзит имкониятларини кенгайтириши, Боку–Тбилиси–Карс темир йўли ва “Мармарай” лойиҳаси эса Осиё ва Европа ўртасидаги юк ташиш салоҳиятини ошириши урғуланган.

Томонлар иқтисодиёт, сиёсат, савдо, илм-фан, хавфсизлик, технологиялар, яшил энергетика, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга келишган.

Уч давлат ташқи ишлар вазирларининг галдаги учрашуви 2025 йил Туркияда ўтиши маълум қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг