БМТдаги овоз беришда биргина давлат Исроилнинг тарафини олди
БМТ Хавфсизлик кенгашида Исроилнинг Ғазодаги босқинчилик ҳаракатлари, хусусан, гуманитар кўмак кутиб турган фаластинликлар ўққа тутилгани қораланган резолюция овозга қўйилди.
Жазоир ташаббуси билан чақирилган навбатдан ташқари йиғилишда БМТ Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзосидан 14 таси ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватлаб овоз берган. Биргина АҚШ яна бир марта Исроилни ҳимоя қилган ҳолда ҳужжатга вето қўйган.
27 февраль, сешанба куни Исроил ҳарбийлари гуманитар кўмак тарқатилишини кутиб турган кўп сонли фаластинликларни ўққа тутгани хабар қилинган эди. Оқибатда 122 киши ҳалок бўлган, 760 киши жароҳатланган.
Фаластин ташқи ишлар вазирлиги қуролсиз одамлар ўққа тутилганини «совуққонлик билан амалга оширилган қирғин» деб атаган.
Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идораси бу ҳодисани мутлақо қабул қилиб бўлмас воқеа деб атаган.
«Исроил аскарларининг озиқ-овқат олишга ҳаракат қилаётган тинч аҳоли вакилларига ўт очишини оқлаб бўлмайди», – деб баёнот берди Франция ташқи ишлар вазирлиги.
Испания ТИВга кўра, бу ҳодиса Ғазода зудлик билан оташкесимга эришишнинг муҳимлигини яна бир карра тасдиқлайди.
Саудия Арабистони, Миср ва Иордания ҳам Исроилнинг тинч аҳоли вакилларига ҳужумини қоралаб, Тель-Авивдан халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этишни талаб қилган.
Исроил ўз ҳарбийлари хатти-ҳаракатини оқлаб «Ғазо аҳолиси огоҳлантиришларга эътибор қаратмагани ва таҳдид туғдиргани» ҳақида баёнот берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter