БМТ Бош котиби: «Ердаги бойликларнинг ярми 26 кишининг қўлида»
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ер юзида аксарият одамлар ўсиб бораётган тенгсизлик, қашшоқлик ва очлик шароитида яшаётган бир пайтда сайёрамиз бойликларининг ярми 26 нафар инсон қўлида эканини таъкидлади. Антониу Гутерриш бугун, 18 июль куни Нельсон Мандела хотирасига бағишлаб маъруза ўқиди.
«Тенгсизлик — давримизга хос хусусият бўлиб қолди. Даромадлар ва иш ҳақлари нуқтаи назаридан сайёрамизнинг қарийб 70 фоиз аҳолиси ўсиб бораётган тенгсизлик шароитида яшаяпти, шу билан бирга, Ер бойликларининг ярмига атиги 26 киши эгалик қилмоқда», — деди Бош котиб.
Антониу Гутерриш замонавий дунёда одамларнинг фаровонлиги ҳамон уларнинг жинси, оилавий ва этник келиб чиқиши, ирқи, ногиронлиги ва ҳоказо омилларга боғлиқлигига эътиборни қаратди. Тенгсизлик муаммосига коронавирус пандемияси катта таъсирини ўтказди: дунё иқтисодий жиҳатдан янаям заиф ҳолатга тушди.
«Ривожланаётган мамлакатларнинг нафақат қарзларидан кечиш, балки ўзларини ўнглаб олишлари учун махсус ҳуқуқлар тақдим этилиши даркор. Тараққий этган мамлакатлар ўз иқтисодиётларини қўллаб-қуватлаш учун триллионлаб сарфлайди. Африка мамлакатларида ҳам бундай имконият бўлиши зарур. Уларга ЯИМнинг 10 фоизи ҳамда 200 миллиард долларлик трансфер кўринишидаги тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлов керак», — таъкидлади Антониу Гутерриш.
БМТ Бош котиби ўз маърузасида, шунингдек, пандемия оқибатида инсоният Иккинчи жаҳон урушидан бери энг глобал рецессия ҳамда 1870 йилдан бери энг катта даромадлар йўқотишига учраганини ҳам қўшимча қилиб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter