Билл Гейтс коронавирус билан боғлиқ вазият баттар ёмонлашишидан огоҳлантирди
«Microsoft» асосчиси Билл Гейтс кузда коронавирус билан боғлиқ вазият аввалгидан ҳам ёмонроқ бўлишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда «Fox Business» хабар берди.
«Куз ёздагидан кўра ёмонроқ бўлади», — деди у. Гейтснинг сўзларига кўра, касалланиш даражаси аллақачон ўса бошлаган. Совуқ тушганда эса одамлар кўп вақтини ёпиқ хоналарда ўтказишади. Бу эса юқтиришлар сонининг ошишига олиб келади.
Бундан ташқари, «Microsoft» асосчиси вакцина яратилгунга қадар одамларда вирусга қарши курашишнинг ягона усул борлигини, у ҳам бўлса уларнинг хатти-ҳаракати эканлигини таъкидлади.
«Афсуски, бу борада бизда жиддий чарчоқ ва салбий ҳолатлар йиғилиб қолди. АҚШда ниқоб тартибига амал қилиш аслида жуда ёмон аҳволда», — дея гапини тугатди миллиардер.
Аввалроқ Билл Гейтс пандемия қачон тугашини маълум қилганди. Шунингдек, у коронавирусни глобал миқёсда йўқ қиладиган ягона восита ҳақида гапирганди.
Янги типдаги коронавирус чақирган COVID-19 тарқалиши илк бор 2019 йил декабрда Хитойнинг Ухань шаҳрида қайд этилди. Ўшандан буён дунё бўйича жами 38,5 миллиондан ортиқ киши касалликка чалинди, 1,09 миллиондан ортиқ бемор ҳаётдан кўз юмди. АҚШда айни вақтда қарийб 8 миллион киши коронавирусни юқтириб олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter