Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Беш давлат Исроил вазирларига қарши санкция жорий қилди

Беш давлат Исроил вазирларига қарши санкция жорий қилди

Буюк Британия, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва Норвегия Исроил ҳукуматидаги икки радикал сиёсатчи – Итамар Бен-Гвир ва Бецалель Смотричга қарши санкция жорий қилди.

BBC хабарига кўра, эндиликда ушбу икки вазирнинг Буюк Британия, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва Норвегияга кириши тақиқланади, уларнинг мазкур давлатлардаги активлари музлатилади

“Итамар Бен-Гвир ва Бецалель Смотрич исроилликларни зўравонлик, экстремистик ҳаракатларга ҳамда фаластинликлар ҳақ-ҳуқуқларини жиддий равишда бузишга ундаб келмоқда. Фаластинликларни зўрлик билан кўчириш ва (Фаластин ерларида) янги яҳудий манзилгоҳларини барпо этишга қаратилган экстремистик чақириқлар даҳшатли ва хавфлидир. Бундай ҳаракатларни қабул қилиб бўлмайди”, – дейилади беш давлат ташқи ишлар вазирлари баёнотида.   

Ғарбнинг беш давлати Исроил ҳукуматини халқаро ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятларини бажариш, зўравонлик, экстремизм ва босқинчилик риторикасига чек қўйишга даъват қилган.

Ташқи ишлар вазирлари баёнотида Исроил ва Фаластин халқи хавфсизлиги икки давлат тамойилини амалга жорий этиш орқалигина рўёбга чиқиши таъкидланган. Шунингдек, Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, ҲАМАС гуруҳи томонидан гаровга олинганларни озод қилиш зарурати ҳам урғулаган. 

Исроил ҳукумати икки вазирига нисбатан санкция жорий этилганини қоралаган.

Маълумот ўрнида: беш давлат санкциясига учраган Бецалель Смотрич молия вазири, Итамар Бен-Гвир эса миллий хавфсизлик вазири лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Фаластинга нисбатан радикал қарашлари билан танилган ушбу икки мулозим Ғазо секторидаги 2,3 миллион аҳолини бошқа ҳудудларга сургун қилиш режасини тарғиб қилиб келмоқда.

БМТнинг махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопалга кўра, Ғазо аҳолисининг мажбурий кўчирилиши геноцид дея малакаланади. Халқаро ташкилот вакили Исроилга бу борада кўмак берадиган давлатлар ҳам мудҳиш жиноятга шерик бўлишидан огоҳлантирган

Бинямин Нетаняҳу ҳукумати аъзоси бўлган икки вазирга нисбатан санкция жорий этилганининг яна бир сабаби шундаки, улар Ғарбий Соҳилда ҳам зўравонликлар кучайишига сабаб бўлмоқда.

Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади.

Исроилдаги Peace Now инсон ҳуқуқлар ташкилоти Нетаняҳу ҳукуматининг ноқонуний тураржойлар қуриш ҳаракатини қоралар экан, бу орқали Ғарбий Соҳилни бутунлай ишғол этиш кўзланганидан огоҳлантирган.

Ноқонуний яҳудий тураржойлари қурилишини ҳатто Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси АҚШ ҳам номақбул деб билади. Негаки, бу халқаро ҳуқуқ ҳамда Фаластин давлатчилигининг намойишкорона поймол этилишидир.

БМТ ҳам кўп йиллардан буён Тель-Авивнинг ишғол сиёсатини қоралаб келади. Хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2016 йил 23 декабрь куни қабул қилинган резолюциясида Исроилдан ишғол остидаги Фаластин ерларида ғайриқонуний тураржойлар қуришни буткул тўхтатиш талаб қилинган

Исроил молия вазири Бецалель Смотрич эса Ғарбий Соҳилда яҳудий уйларини қуриш учун маблағ кўпайтирилишини маълум қилган. Исроил молия вазири таклиф этган бюджет лойиҳасида Ғарбий Соҳилда яҳудий тураржойларини барпо қилишга бир неча юз миллион доллар йўналтирилиши кўзда тутилган.

Европа Иттифоқи ноқонуний тураржойлар қурилиши учун маблағ кўпайтирилганини танқид қилган.

2023 йил декабрь ойида ҳам Ғарб давлатлари Исроилдан ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда фаластинликларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилган эди.

Дарвоқе, ўтган йили Axios нашри АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Исроил вазирлари Итамар Бен-Гвир ва Бецалель Смотричга нисбатан санкция қўллаш имкониятини муҳокама қилгани, аммо пировардида бунга журъат қилмагани ҳақида хабар берганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг