Байден президентлигининг сўнгги соатларида қандай фармонга имзо чеккани маълум бўлди
АҚШ президенти Жо Байден давлат раҳбари сифатидаги сўнгги соатларда бир қатор шахсларни афв этишга доир фармонга имзо чекди. Бу ҳақда Axios нашри хабар берди.
Байден, жумладан, АҚШ Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси собиқ раҳбари, истеъфодаги генерал Марк Милли, Аллергик ва юқумли хасталиклар институти собиқ раҳбари Энтони Фаучи, АҚШ Конгресси собиқ аъзоси Лиз Чейни ҳамда 2021 йил 6 январь куни Капитолийга уюштирилган ҳужум учун Дональд Трампни жавобгарликка тортишга муваффақ бўлган Вакиллари палатаси вакилларини аввалдан афв этишга қарор қилган.
Хабарларга кўра, Байден 20 январь куни президентлик ваколатини бажаришга киришган Трамп ушбу шахслардан қасос олмаслиги ва уларни таъқиб этмаслиги учун авфнома эълон қилган.
Бу шахслар айни пайтда бирор бир жиноятда айбланаётгани йўқ, уларга нисбатан суриштирув ёки тергов ҳам юритилмаётир. Байден имзолаган афвнома уларнинг истиқболдаги жиноий таъқиблардан ҳимоя қилади.
Гап шундаки, Дональд Трамп аввалроқ истеъфодаги генерал Марк Миллини биринчи президентлик даврида буйруғини бажармагани важидан давлатга хиёнатга айблаган. Қолаверса, генерал Милли Трампни кескин танқид қилиб келган.
Пандемия даврида АҚШ ҳаётида катта ўрин тутган Энтони Фаучи ҳам Трампнинг ғазабига учраган. Трамп пандемиянинг хатарини камайтиришга урингани маълум.
Собиқ депутат Лиз Чейни ҳам Трампнинг ашаддий танқидчиларидан бири саналади. Трамп аввалроқ Чейни ва бошқа мухолифлари қамалиши кераклиги ҳақида баёнот берган.
Байденнинг афв ҳақидаги фармони ўз мухолифларини қамаш билан таҳдид қилган Трампнинг “оёқ-қўлини боғлаш”га қаратилган. Айни пайтда ҳали жиноят қилмаган шахсларга нисбатан аввалдан афв эълон қилиниши келгуси президентлар томонидан афв эълон қилиш ваколати турлича талқин этилишига йўл очиши мумкин, деган хавотирлар ҳам бор.
Байден 2024 йил декабрь ойида ўнлаб жиноятчиларни ҳам афв этган эди. АҚШнинг 46-президенти ўз ўғли Ҳантер Байденни иккита жиноий иш бўйича афв этгани эса баҳсларга сабаб бўлганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter