АҚШда асбестдан фойдаланиш тақиқланмоқда
АҚШда саратон хасталигини келтириб чиқарувчи асбестдан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатишга киришилмоқда. Бу ҳақда мамлакат Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (EPA) ёзма баёнот берди.
Ҳукумат саноат корхоналарига цемент, томларни қуриш, сувни дезинфекциялаш, автомобил тормозлари ва нефт-газ соҳасида фойдаланиладиган асбестдан воз кечиш муддатларини белгилади.
Қонундан келиб чиқиб, тегишли соҳалар мазкур ашёдан фойдаланишни «ақлли ўтиш даври» мобайнида тўхтатишларига тўғри келади, дейилади агентлик баёнотида. Тақиқлов хризотил асбестига татбиқ этилади, АҚШда бу минералнинг фақат шу тури ишлатилмоқда.
«Асбест аҳолининг саломатлигига жиддий таъсир кўрсатаётган канцероген экани илмий тадқиқотларда узил-кесил тасдиғини топган. Президент Жо Байден бир неча авлодларни қамраб олган бу муаммо саноқсиз кўплаб одамларнинг ҳаётига таъсир кўрсатганини тушунади. Айнан шунинг учун EPA асбестдан доимий фойдаланишни аллақачон тақиқлаш кераклиги борасидаги қарорга эришганидан фахрланади», — таъкидлади агентлик раҳбари Майкал Риган.
Асбест ўпка саратонидан ташқари, мезотелиома (ўпка, кўкрак, қорин бўшлиғи ва юракда юзага келиши мумкин бўлган саратоннинг камёб тури) ва ўпканинг асбестоз касаллигини қўзғатиши исботланган. 2019 йилги тадқиқотга кўра, ҳар йили асбест билан боғлиқ касалликлардан 40 мингга яқин америкалик вафот этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter