Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Қозоғистонни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор – таҳлилчи

АҚШ Қозоғистонни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор – таҳлилчи

Жорий йил ноябрь ойида ўтадиган президент сайлови натижасидан қатъи назар АҚШ Қозоғистон раҳбариятининг мамлакат сиёсий тизимини ислоҳ қилиш ва инсон ҳуқуқлари ҳолатини яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда давом этиши керак, деб ҳисоблайди Европа сиёсати ва рақамли жамият институти президенти Эмир Нуҳанович.

«Fair Observer» нашрида чоп этилган мақолада сиёсий таҳлилчи Вашингтон Остона билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлайди. 

«Россия–Украина зиддияти ва Хитой билан таранг муносабатлар ортидан АҚШ Евроосиёга диққат қаратди. Сўнгги вақтларда Вашингтон Марказий Осиё, хусусан, минтақавий яқин ҳамкор саналган Қозоғистон билан ҳамкорликка устувор аҳамият бермоқда», – деб ёзади муаллиф.  

2023 йил 19 сентябрь куни Нью-Йоркда Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ раҳбарларининг «С5+1» форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтди. Ушбу машварат ортидан АҚШ президенти Жо Байден тез орада Марказий Осиё давлатларидан бирига ташриф буюриши ҳақида хабарлар тарқалди. 

Эмир Нуҳановичга кўра, Марказий Осиё, хусусан, Қозоғистон Россияни айланиб ўтган ҳолда савдо йўналишларини йўлга қўйиш, транспорт коридорларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Минтақада табиий бойликлар кўплиги ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Жорий йил май ойида инсон ҳуқуқлари ва демократик ислоҳотлар бўйича олий даражадаги Америка–Қозоғистон учинчи мулоқоти бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда Қозоғистон раҳбарияти илгари сурган демократик ислоҳотлар ҳолати муҳокама қилинди.

«Бу ислоҳотлар имконияти чекланган инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши кураш, сўз ва йиғилишлар эркинлигини таъминлаш, ОАВ равнақини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, активларни қайтариш ва коррупцияга қарши курашга қаратилган. Қўшма Штатлар президент Тўқаевнинг ислоҳотлар дастурини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди, Қозоғистон инсон ҳуқуқлари борасида эришган ютуқларни ижобий баҳолади», – деб ёзади Европа сиёсати ва рақамли жамият институти президенти.

Муаллифга кўра, Вашингтон Остонани демократик ислоҳотлар борасида дастаклаш орқали савдо-иқтисодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятлар очади.

АҚШ ва Қозоғистон ўртасидаги савдо айланмаси 2023 йилда 4 миллиард долларни ташкил этган. Мустақилликдан кейинги даврдаги савдо кўрсаткичи эса 62 миллиард доллардан ошган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг