АҚШ Исроилни яна қурол билан сийламоқчи
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти 14 май куни мамлакат қонун чиқарувчи идораси – Конгрессни Исроилга 1 миллиард доллардан зиёд миқдорда қурол-аслаҳа етказиш режасидан хабардор қилди.
«The Wall Street Journal» нашри Оқ уйдаги манбаларига таяниб хабар беришича, Вашингтон томонидан яҳудий давлатига бериладиган навбатдаги қурол-аслаҳа пакети 700 миллион долларлик бронетехника, 500 миллион долларлик жанговар техника ва 60 миллион долларлик миномёт ўқ-дориларини ўз ичига олади.
Оқ уй навбатдаги қурол-аслаҳа пакетини етказиш жараёнига киришгани хабар қилинган.
9 май куни президент Жо Байден Исроил Рафаҳда ҳарбий амалиёт бошлагудек бўлса, айрим қуролларни етказишни тўхтатиш билан таҳдид қилган эди. Аммо таҳлилчилар бу халқаро ҳамжамият босими остида билдирилган «похолдўқ» экани, Вашингтон ҳар қандай ҳолатда ҳам Исроилни дастаклашда давом этишини таъкидлаганди. «The Wall Street Journal»нинг сўнгги хабари бу тахминни тасдиқлади.
2023 йил 7 октябрь куни Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирганидан буён 35173 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.
Президент Байден Фаластин–Исроил зиддиятида яҳудий давлатини қўллаб-қувватлаб, Ғазода минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганидан кўз юмаётгани сабаб сиёсий доираларда, ҳатто унинг сайлов штабида ҳам норозилик кучаймоқда. Оқ уй расмийлари орасида ҳам ўт очишни тўхтатишга чақираётганлар сони ортмоқда.
Аввалроқ АҚШ давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан эди. 11 йил давомида масъул лавозимда ишлаб келган Ж.Пол ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралагани ҳолда, ҳозирги вазиятда яҳудий давлати тутаётган сиёсат ва АҚШ уни қўллаб-қувватлаётгани хато эканини таъкидлаган.
АҚШ Қуролли кучлари учувчиси Ларри Ҳеберт эса Оқ уй қаршисида очлик эълон қилди. У Байденнинг Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларини сўзсиз қўллаб-қувватлаб келаётганига шу тариқа норозилик билдирган.
Халқаро ташкилотлар Исроил армиясини қуроллантираётган биринчи рақамли мамлакат – АҚШдан қурол-аслаҳа етказишни тўхтатишни талаб қилмоқда. Oxfam ҳамда Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроил бомбардимонларида минглаб фаластинлик тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини қайд этиб, Тель-Авив Вашингтон томонидан етказилаётган қуроллардан халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида истифода этишини савол остига олган.
Жаҳон матбуоти хабарига кўра, халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, АҚШ Исроилни гоҳ ими-жимида, гоҳ ошкора қуроллантиришда давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter