Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Ғазо масаласида бир ҳақиқатни тан олди

АҚШ Ғазо масаласида бир ҳақиқатни тан олди

АҚШ маъмурияти Ғазо секторида бошланган можарога ёндашувда хатоларга йўл қўйганини тан олди. Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси ўринбосари Жонатан Файнер АҚШ мусулмонлари раҳбарлари билан учрашувда маълум қилди, деб ёзади The New York Times.

«7 октябрда ушбу инқирозга муносабат билдиришда хатоларга йўл қўйганимизни яхши биламиз», — дея расмий сўзларидан иқтибос келтиради нашр. Файнер, шунингдек, Исроил ҳукумати Фаластин давлатчилиги йўлида «қадам қўйишни» хоҳлаётганига шубҳа билдирди. 

«Ҳозирги Исроил ҳукуматига ишонмайман», дейди у.

АҚШ маъмурияти Фаластин давлатини яратиш учун Исроил ва Саудия Арабистони ўртасида расмий дипломатик алоқаларни ўрнатиш муҳим бўлади, деб ҳисоблайди. 

Файнернинг айтишича, Байден маъмурияти «Исроил сиёсий элитасининг ғазоликларни ҳайвонларга қиёслашига дарҳол жавоб бериши керак эди». Файнер бу сўзларни «жирканч» деб атади.

Файнер АҚШ президенти Байденнинг 14 январь куни Ғазодаги урушга бағишланган нутқидан жуда афсусда эканлигини билдирди. Ўшанда АҚШ президенти ўз нутқида ўғирлаб кетилган исроилликлар ҳақида гапирди, лекин ўлдирилган фаластинликлар ҳақида индамади. «Бундай бўлмаслиги керак эди ва мен бу яна такрорланмаслигига ишонаман, чунки бу бизга катта зарар етказганини биламиз», деди Файнер.

АҚШда ўтказилган сўнгги сўровларга кўра, Байденнинг араб ва мусулмон жамоалари ўртасидаги обрўси камайиб бормоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг