АҚШ Араб давлатларининг Ғазо бўйича таклифини рад этди

Қўшма Штатлар Араб давлатлари лигаси (АДЛ)нинг Ғазо секторини нормаллаштириш бўйича таклифини, бу ташаббусларни етарлича эмас деб ҳисоблаб, қабул қилмади. АҚШ давлат департаментининг матбуот хизмати раҳбари Тэмми Брюс журналистлар учун мунтазам брифингида бу ҳақда маълум қилди.
«Араб мамлакатлари Миср орқали киритган таклиф кутилмаларга мувофиқ келмади», — деди АҚШ ташқи сиёсат идораси расмий вакили.
Араб давлатлари лигаси 4 март куни Фаластин масаласида ўтказган фавқулодда саммитда Миср томонидан тайёрланган Ғазо секторини тиклаш режаси ва якуний декларация қабул қилинган эди. Декларацияда, жумладан, БМТ Хавфсизлик кенгашидан тинчликпарвар кучларни Ғазо сектори ҳамда Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилига жўнатиш сўралган мурожаат ўрин олган. Декларацияда, шунингдек, Фаластин миллий маъмурияти бошчилигида Ғазо секторини бошқариш қўмитаси фаолият юритиши ҳақида сўз боради. Бундан ташқари, Араб лигасига аъзо давлатлар Фаластин-Исроил низосини ҳар томонлама ҳал этишга қаратилган музокараларни қайта бошлаш учун Доналд Трамп маъмурияти ва бошқа халқаро шериклар билан ҳамкорликда дарҳол иш бошлашга тайёрлигини билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter