Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Amnesty International Исроилни даҳшатли жиноятда айблади

Amnesty International Исроилни даҳшатли жиноятда айблади

Исроилнинг Ғазо секторида содир этаётган қилмишлари ҳамда расмийларнинг баёнотлари Тель-Авив Фаластин ерларида геноцид (қатлиом) қилиш ниятида эканидан далолат беради. Бу ҳақда Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботида сўз боради.

«Инсон эканинг тан олинмаса: Исроилнинг Ғазодаги фаластинликларни қатлиом қилиши» деб аталган ҳисоботга кўра, Исроил 2023 йил 7 октябрдан буён масъулиятсизларча ҳужум-ҳамлалар уюштириб келмоқда.

Халқаро ташкилот 2023 йил 7 октябрдан 2024 йил июлга қадар Ғазодаги инсоний талафотлар ва вайронагарчиликлар, яҳудий давлати расмийларининг баёнотларини ўрганиб, Исроил Фаластин халқига нисбатан геноцид содир этмоқда деган хулосага келган.

Қайд этилишича, Исроил армияси ҲАМАС ҳужумидан кейин Ғазонинг тинч аҳолиси бошига улкан мусибатлар ёғдириб, ҳалокатга гирифтор қилди. Исроил ҳужумлари оқибатида 42 мингдан зиёд фаластинлик ҳалок бўлди. Ғазода сўнгги бир йил ичида барча аъзолари қирилиб кетган оилалар ҳам талайгина.

Бомбардимонлар оқибатида Ғазо сектори бутунлай вайрон бўлди. Шаҳарлар яксон этилди, диний, тарихий ва маданий объектлар йўқ қилинди. Оқибатда Ғазо секторининг катта қисми яшаш ва деҳқончилик учун нобоп жойга айланди.

Ҳисоботга кўра, Исроил инсонпарварлик кўмаги киришига тўсқинлик қилиш орқали Ғазо секторидаги бир неча юз минг аҳолини очлик, ташналик ва касалликлар гирдобида қолдирди.

Исроил юзлаб фаластинликларни қийноққа солди ва асоссиз равишда қамоққа ташлади.

«Amnesty International томонидан ўрганиб чиқилган айрим ҳаракатлар халқаро гуманитар ҳуқуқ ёки инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши саналади. Агар Исроилнинг бутун ҳарбий кампанияси, сиёсати ва ҳаракатлари яхлит ҳолда таҳлил этилса, ягона оқилона хулосага келиш мумкин: мақсад геноцид содир этишдир», – дейилади ҳисоботда. 

Маълум бўлишича, Исроилнинг Ғазодаги урушга масъул бўлган юқори мартабали мулозимлари ҳам 22 ҳолатда геноцидга даъват қилган ёки бу мудҳиш жиноятни оқлаган. Ўз раҳбарларидан улги олган яҳудий аскарлари Ғазони «ер юзидан супуриб ташлаш» ниятида хунрезликлар содир этган. Аскарларнинг вайрон бўлган уй, масжид, мактаб ва университетлар олдида байрам қилиши ҳам ўша машъум ниятни тасдиқлайди.  

Ғазо секторида яшаб келган 2,3 миллион аҳолининг 70 фоизи бошпанасидан айрилиб қочқинга айланган. Минтақада тинч аҳоли жон сақлаши учун хавфсиз жой қолмаган.

Amnesty International ташкилоти бош котиби Аньес Калламар халқаро ҳамжамиятнинг шармандали ҳаракатсизлиги Исроилнинг хунрезликларни давом эттиришига йўл очмоқда деб ҳисоблайди.

«Жаҳон давлатлари шунчаки таассуф ва хавотир изҳор қилишни бас қилиб, қатъий ва изчил чоралар кўриши, Исроилнинг айрим иттифоқчилари эса қанчалик ёқимсиз бўлмасин, геноцид фактини тан олиши керак. Ҳисобот халқаро ҳамжамиятга амалий ҳаракатлар учун огоҳлик қўнғироғи бўлмоғи лозим. Бу геноцид ва уни зудлик билан тўхтатмоқ даркор!» – деган  Amnesty International бош котиби.

Халқаро ташкилот етакчиси Исроилни қуроллантираётган АҚШ, Германия, Буюк Британия ва ЕИнинг бошқа давлатларини геноцид иштирокчиси бўлиб қолишдан огоҳлантирган ва қирғин воситаларини етказишни тўхтатишга ундаган.

Исроилнинг Ғазо секторидаги халқаро ҳуқуқ ва инсонийликка зид ҳаракатларини бошқа халқаро тузилмалар ҳам кескин қораламоқда.

Аввал хабар берганимиздек, 21 ноябрь куни Халқаро жиноят суди Ғазо секторида инсониятга қарши ва уруш жиноятлар содир этгани учун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берди.

Ушбу икки шахсга 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майгача бўлган муддатда Ғазо секторидаги тинч аҳолини яшаш учун зарур бўлган сув, дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий жиҳозлар, ёқилғи ва электр энергиясидан қасддан маҳрум қилиш айби ҳам илгари сурилган.

Жорий йил июнь ойида БМТ Исроилни болалар ҳуқуқларини поймол этувчи ва уларга зарар етказувчи давлатлар рўйхатига киритди. БМТ бош котибининг болалар ва қуролли зиддиятлар масалалари бўйича махсус вакили Виржиния Гамба томонидан тузилган ҳисоботда Ғазо секторида болаларни ўлдириш, ўғирлаш, калтаклаш, шунингдек, мактаб ва шифохоналарга ҳужум ҳақида сўз боради.

Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса АҚШ ва Европа мамлакатлари Фаластин–Исроил зиддияти борасида иккиюзламачилик қилаётгани ҳақида баёнот берган. Таъкидланишича, агар Ғарб давлатлари ўзлари ҳамиша байроқ қилган инсон ҳуқуқларига чиндан ҳам содиқ бўлса, Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий жиноятларига ҳам қарши чиқиши шарт.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроил бомбардимонларида минглаб фаластинлик тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини қайд этиб, яҳудий давлати армиясини қуроллантираётган мамлакатлардан қурол-аслаҳа етказишни тўхтатишни ҳам талаб қилмоқда.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг