Алиев–Эрдўғон учрашуви: етакчилар қандай келишувларга эришди?
Озарбайжон ҳамда Туркия «Бир миллат, икки давлат» тамойилига асосланган ҳолда ҳамкорликни янада кучайтиради; икки қардош ўлканинг дўстлиги бузилмас ва мустаҳкамдир. Бу ҳақда Бокуда 13 июнь куни Озарбайжон ҳамда Туркия президентлари Илҳом Алиев ҳамда Ражаб Тоййиб Эрдўғон иштирокидаги матбуот анжуманида таъкидланди.
Анъанага кўра янги муддатга президентликка сайланган Эрдўғон илк давлат ташрифини Озарбайжон ҳамда Шимолий Кипр Турк республикасига амалга оширган.
Икки давлат бирлиги Жанубий Кавказ ва туркий дунё учун муҳимлигини урғулаган И.Алиев Боку ва Анқара муштарак қарашларга асосланган ташқи сиёсат юритишини қайд этган.
Озарбайжон раҳбари геосиёсатда халқаро ҳуқуқнинг самарадорлиги сусайиб бораётгани, куч омили бирламчи аҳамият касб этаётганига эътибор қаратган.
Икки қардош мамлакат ўртасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятига тўхталган сиёсатчи Озарбайжон ўз армиясини Туркия модели асосида янада кучайтиришини маълум қилган.
Туркия президенти Р.Т.Эрдўғон энергетика соҳасидаги алоқалар кенгайиб бораётганини таъкидлаган. Қайд этилишича, бугунги кунда Европа табиий газни Туркия орқали сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Бунда эса энергетика ресурсларига бой Озарбайжон муҳим ўрин тутади.
Кейинги вақтларда экспертлар Нахичеван Мухтор Республикаси ва Озарбайжоннинг ғарбий вилоятлари ўртасидаги Зангезур йўлаги бутун минтақанинг муҳим транспорт йўлаги бўлишини таъкидлаб келмоқда.
И.Алиев Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммитида ҳам ушбу масалани кўтарган эди.
Бокудаги музокаралар якунида ҳам Озарбайжон ҳамда Туркия етакчилари Зангезур йўлаги қанча тез очилса, шунча яхши дея хулоса билдирган. Бу ўринда ҳам автомобиль, ҳам темирйўл қатновини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.
Туркия Озарбайжоннинг ишғолдан озод қилинган ҳудудларида тиклаш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Ҳозирга қадар И.Алиев ва Р.Т.Эрдўғон томонидан Қорабоғ минтақасида иккита янги халқаро аэропорт очиб берилган.
Эрдўғон Боку учрашувида Туркия ишғолдан озод этилган Шуша шаҳрида биринчилардан бўлиб бош консуллик очишига ваъда берган.
Томонлар яқин фурсатда Туркия–Озарбайжон университети фаолиятини йўлга қўйиш борасида ҳам келишувга эришган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter