Алексей Навалний яна карцерга ташланди
Россиянинг Владимир вилоятидаги қаттиқ тартибли колонияда жазо муддатини ўтаётган сиёсатчи Алексей Навалний 22-маротаба жазо изоляторига жойлаштирилган. Мухолифатчи бундан аввал жазо изоляторига 24 октябрда жойлаштирилганди.
«Жазо изоляторидан бир кечага чиқаришди ва яна 15 сутка беришди. Асос – маҳкум Навалний ёзув материалларининг мусодара қилинишига норозилик билдириб, хонасини тарк этишдан ва ўзи олиб борилиши керак бўлган бошқа хонага киришдан бош тортган. Шу сабабли унга кун давомида тўрт марта жисмоний куч ишлатилган. Натижада 22-жазо изолятори ва 251 сутка», –дейилади унинг Telegram каналидаги хабарда.
Алексей Навалний 2021 йил февралдан буён Владимир вилоятидаги жазони ўташ колониясида сақлаб келинмоқда. Сиёсатчи қамоқхона цензорлари унинг хатларини олиб қўяётгани, шунингдек, пулли тиббий хизматлардан фойдаланишни тақиқлаётганидан шикоят қилиб келади.
Август бошида Москва шаҳар суди Алексей Навалнийни 19 йилга қамаганди.
Навалнийга қарши 2021 йил сентябрида экстремистик ташкилот тузиш ва унга раҳбарлик қилиш бўйича жиноий иш очилганди. Тергов қўмитаси амалдаги ҳукуматни кескин танқид қилиб келган ФБК(Коррупцияга қарши курашиш фонди)ни Россия Федерациясида конституциявий тузум асосларини ўзгартиришга экстремистик ташкилот сифатида эълон қилган.
Навалний сиёсий маҳбус ва президент Путиннинг ашаддий рақиби сифатида кўрилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter