Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адрианаполис шаҳридаги археологик топилмалар 5500 йиллик жумбоққа ечим бўлиши мумкин (фото)

Адрианаполис шаҳридаги археологик топилмалар 5500 йиллик жумбоққа ечим бўлиши мумкин (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Туркия ҳудудидаги антик даврга оид Адрианаполис (Hadrianopolis) шаҳрида олиб борилаётган археологик тадқиқотлар минтақа тарихига оид  илмий қарашларга ўзгартириб юборди. Туркия маданият ва туризм вазирлиги уюштирган пресс-тур доирасида қадимий шаҳарга сафар қилган «Xabar.uz» мухбири ҳали кенг жамоатчиликка ошкор этилмаган айрим артефактларни суратга олишга муваффақ бўлди.

Адрианаполис харобалари Туркия шимолидаги Карабук вилояти ҳудудида, Эскипазар қасабаси яқинида топилган. Бу ердаги сўнгги археологик қазишмаларда Эллин, Рим ҳамда Византия даврига оид қимматли экспонатлар топилган.

Яқингача тарихчилар Адрианаполис 2100 йил олдин қурилган деб келган. Археологик изланишлар кўҳна кент ёшига яна 3500 йил қўшди. Ҳудудда бир неча йилдан бери тадқиқот олиб бораётган Карабук университети олимлари фикрича, антик шаҳарга  энеолит даврида, 5500 йилча аввал асос солинган.

Фото: «Xabar.uz»

Шаҳарда 50 мингга қадар аҳоли яшаган. Бу эса Адрианаполис ўз даврида мегаполис бўлганидан далолат беради.

Археологик қазишмалар пайти ҳудуддан насроний черковлари, ҳаммомлар, мудофаа иншоотлари, қалъа девори қолдиқлари, диний иншоотлар, қабрлар ва бошқа ашёлар топилган.

Ибодатхона ва уйларига дарж этилган рангли суратлар – мозаикалар ғоят қимматли топилма саналади. Масалан, «Тўрт наҳр» ибодатхонасида Фурот, Дажла дарёлари тимсоллари, Нуҳ пайғамбар кемаси ҳақидаги ривоятни ёдга солувчи суратлар, қуш ва ҳайвонлар тасвирларини кўриш мумкин. Урушу талотўплардан омон қолган суратлар ҳалигача аслий ранг ва жозибасини сақлаб қолгани фавқулодда ҳайратланарлидир. Ичимлик сув қувури, канализация тизими қолдиқлари эса ҳудуд цивилизация ўчоқларидан бўлгани ҳақидаги фикрни тасдиқлайди.

Илк насронийликнинг асосий зиёратгоҳларидан саналган Адрианаполисда қазишма ишлари давом этмоқда.  Карабук университети тадқиқотчилари фикрича, ер остида ҳали очилмаган дафиналар – янги қатламлар мавжуд. Археологик изланишлар қадимий тамаддунга доир кўплаб жумбоқларга ойдинлик киритиши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг