Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

950 йил аввал дунё харитасини ўзгартирган муҳим ҳодиса рўй берган...

950 йил аввал дунё харитасини ўзгартирган муҳим ҳодиса рўй берган...

Фото: AA

Туркияда муҳим тарихий ҳодиса – Малазгирт ғалабасининг 950 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ушбу жанг нафақат туркий дунё, балки дунё харитасида муҳим ўзгаришларга йўл очган эди.

Малазгирт жанги рўй берган ҳудуд – Туркиянинг Битлис вилоятида ташкил этилган анжуманда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам иштирок этди.

Туркия раҳбари ўз чиқишида Малазгирт ғалабаси турк халқининг кўп асрлик шонли тарихига дебоча бўлганини таъкидлади.

Қайд этилишича, Туркия бир аср аввал ўз чегараларини сақлаб қолиш учун курашган бўлса, эндиликда минтақа ва жаҳонда ўз фикрини ўтказишга қодир мамлакатга айланди. Эрдўғон на террорчи ташкилотлар, на ахборий хуружлар мамлакат халқига зарар етказишига йўл қўйилмаслигини урғулади. У, айни чоқда, 2023 йил – Туркия республикаси эълон қилинганининг 100 йиллиги олдидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларга ҳам эътибор қаратди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Туркия президенти девони жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси мазкур тарихий ҳодисага бағишланган ролик тайёрлади.

Туркия раҳбари байрам тадбирлари доирасида Битлис вилоятидаги салжуқийлар даврига оид қадимий қабристонни ҳам зиёрат қилди. Турк-мусулмон дунёсининг муқаддас қадамжоларидан саналган қабристон ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон маданий мерос рўйхатига киритилган.

Фото: Google Images

Малазгирт ғалабаси ислом ва туркийлар тарихи солномасидаги муҳим тарихий воқеалар сирасига киради. 1071 йилнинг 26 августида Салжуқийлар давлати султони Алп Арслон Малазгиртда Византия императори Роман IV Диогеннинг бир неча баравар кўп сонли қўшини устидан зафар қозонган. Мазкур ғалаба туркларга Онадўли дарвозаларини очиб берди. Кейинчалик олти аср давомида ҳукм сурган Усмонли салтанати ҳамда замонавий Туркия давлати шаклланишига ҳам ушбу тарихий ҳодиса пойдевор бўлган дейиш мумкин.

Тарих китобларида Буюк салжуқийлар давлати деб аталган туркий салтанат (1038–1308) Яқин ва Ўрта Шарқ, қисман Мовароуннаҳрни бирлаштирган. Ўз даврида Термиз, Бухоро, Самарқанд шаҳарлари ҳамда Фарғона водийси салжуқийлар байроғи остида бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг