«65 та масжид ер билан яксон қилинган...» – Озарбайжон ТИВ Қорабоғдаги тарихий обидаларнинг аянчли ҳолати ҳақида бонг урди
Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ЮНЕСКО Бош конференцияси 41-сессиясида сўзлаган нутқида қарийб 30 йиллик оккупация даврида Қорабоғ минтақасидаги тарихий-маданий обидалар аянчли ҳолатга солингани ҳақида гапирди.
«Оккупация даврида юзлаб маданий обидалар қасддан буткул вайрон қилинган, зарар-зиён етказилган, талон-торож этилган ҳамда тарихий-маданий хусусиятини йўқотиш мақсадида ўзгартирилган. 67 масжиддан 65 таси ер билан яксон қилинган. Қолган иккитаси эса таҳқирланган – чўчқа ва сигирлар учун оғилхона сифатида фойдаланилган. Бу мусулмон дунёсига ҳурматсизликдир. Минглаб музей экспонатлари Арманистонга ноқонуний равишда ташиб кетилган», – деди Жайҳун Байрамов.
Бу қилмишлар маданий геноцид ўлароқ баҳоланган.
Озарбайжон ташқи ишлар вазири ишғолдан озод этилган ҳудудлардаги мина хариталари берилмаётганини ҳам танқид қилган. Қайд этилишича, бу ҳолат халқаро ҳуқуқий меъёрлар, жумладан, 1954 ва 1970 йилги конвенцияларга зиддир.
Вазирга кўра, Озарбайжон ҳукумати озод этилган ҳудудлардаги маданий, диний обидаларни тиклаш ва муҳофаза қилиш борасида қатъий саъй-ҳаракатларга киришган. Бу жараёнда эса этник ёки диний мансубликка кўра ажратиш бўлмайди.
Расмий Боку Қорабоғда содир этилган қўпол қонун бузилишлари ҳақида ЮНЕСКОга хабар берган ва ишғолдан озод этилган ҳудудларга халқаро ташкилотнинг техник миссиясини юборишни сўраган. Аммо техник миссия келишига Арманистон тўсқинлик қилаётгани айтилмоқда.
«Озарбайжон ихтилофдан кейинги тиклаш бўйича чора-тадбирларда ЮНЕСКО билан ҳамкорлик қилишни истайди. Зиддият якунланганидан кейин, сўнгги ойларда Озарбайжон ҳамда ЮНЕСКО техник миссияни юбориш масаласида мулоқот олиб бормоқда. Ҳар икки томон миссияниг техник, ҳуқуқий ва сиёсий жиҳатларини келишиб олди, бу эса унинг самарадорлиги ва мустақиллигини таъминлайди», – деди Озарбайжон ТИВ.
Ж.Байрамов қўшни мамлакатни ЮНЕСКО техник миссияси келишига тўсқинлик қилмаслик ва масалани сиёсийлаштирмасликка ундаган.
Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар Арманистон Қуролли кучларига қарши кечган жангларда қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. 2020 йилнинг 10 ноябрида Озарбайжон, Арманистон ҳамда Россия ўртасида уч томонлама битим имзоланди. 44 кунлик уруш якунида Қорабоғдаги 5 та шаҳар, 4 та посёлка ҳамда 286 та қишлоқ яна Озарбайжон тасарруфига ўтди. Шу тариқа мамлакат ҳудудий яхлитлиги тикланди.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати Ҳикмат Мамедов уруш якунлари хусусидаги суҳбатда ҳам Қорабоғдаги вайрон этилган тарихий-маданий обидалар Ҳайдар Алиев фонди томонидан қайта тикланаётгани ҳақида гапирган эди.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter