2025 йилда бу мамлакатларга бориш тавсия қилинмайди
Safeture компанияси эълон қилган «Хатарлар харитаси-2025»га кўра, дунёнинг қарийб 80 мамлакатида хавфсизлик бўйича вазият янада ёмонлашди. Мутахассислар илгари барқарор саналган айрим ҳудудларда ҳам иқлимий ва сиёсий муммолар сабабли хатарли ҳолат юзага келганини таъкидлаб, у томонларга бормасликни тавсия қилишмоқда.
«Хатарли мамлакатлар рўйхатидаги баъзилари ҳеч ким учун «сюрприз» эмас. Сомали, Сурия, Судан, Яман, Украина «бир неча йиллардан буён энг хавфли мамлакатлар» ҳисобланади», — дейилади Safeture ҳисоботида.
Компания таҳлилчиларига кўра, 2024 йилда хавфсизлик бўйича вазият ёмонлашган 77 мамлакат орасида, айниқса, Яқин Шарқ (Исроил, Ғарбий соҳил, Ғазо сектори, Ливан ва Эрон кўзда тутилмоқда) сайёҳат учун «ўта хавфли» йўналиш бўлиб қолмоқда.
Буркина-Фасо, Ливия ва Мянма «энг хавфли» мамлакатлар дея таснифланди. 2024 йилда исён ва тартибсизликлар ортидан фавқулодда вазият эълон қилинган Янги Каледония ҳам улар қаторига қўшилди.
Дам олиш учун доим энг оммавий йўналишлардан саналган Малдив оролларида хавфсизлик ҳолати «ўртача» даражага пасайди: мамлакатда сиёсий барқарорлик издан чиқиб, ижтимоий зиддият ва диний экстремизм кучайиб бормоқда. Қолаверса, иқлим ўзгаришлари оқибатлари (сув тошқинлари ва соҳилларнинг емирилиши) оролликларга жиддий хавф солмоқда.
Дунёнинг энг тинч минтақаси саналган Европада ҳам хавфсизлик даражаси пасайди. Франция, Испания, Швеция ва Буюк Британия «хавфлилик даражаси ўртачага яқин» мамлакатлар тоифасига киритилди. Сайёҳлар Италия, Нидерландия ва Полшада сиёсий тўлқинлар (намойишлар) ва экология муаммолари (сув тошқинлари ва бўронлар)га дуч келишлари мумкин.
Шунга қарамасдан, энг хавфсиз ҳудудлар ҳамон Европада: Берн (Швейцария) дунёнинг хавфсиз шаҳри дея эътироф этилди.
Энг хавфсиз шаҳарлар рейтинги тепасида, шунингдек, Доҳа (Қатар), Мелбурн (Австралия), Монреал (Канада), Маскат (Ўмон), Оттава (Канада) ва Сеул (Жанубий Корея) жойлашган.
Аргентина, Арманистон, Босния ва Герцеговина, Хитой, Марокаш ва Кубада хавфсизлик бўйича вазият яхшиланиб, «хавфлилик даражаси ўртачага яқин» мамлакатлар сифатида тоифаланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter