2024 йилдан Қозоғистон миллий жамғармаси ҳар бир болага улуш ажратади
Қозоғистон парламенти қуйи палатаси (Мажилис) мамлакат миллий жамғармаси ҳисобидан болаларга жамғариб бориладиган маблағ ажратишга доир қонунни маъқуллади.
Депутат Берик Бейсенгалиевнинг қайд этишича, миллий жамғарманинг йиллик сармоявий даромадларидан 50 фоизи болалар улуши ҳисобланади.
Қозоғистонлик ҳар бир бола номига очилган ҳисобга у 18 ёшга тўлгунга қадар пул ўтказиб турилади. Фуқаро вояга етгач, йиғилган маблағни ўқиш ёки тураржой сотиб олиш мақсадида ишлатиши мумкин.
Бола туғилиши ёки Қозоғистон фуқаролигини олиши билан маблағ ўтказиш бошланади. Миллий жамғарма даромади барча болаларга тенг миқдорда тақсимланади. Жамғарилган маблағ солиқдан озод этилади.
Ушбу қонун 2024 йил 1 январдан кучга киради.
Аввал хабар берганимиздек, болалар учун жамғарма таъсис этиш ташаббуси президент Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан 2022 йил 1 сентябрь куни мамлакат халқига йўлланган мурожаатда илгари сурилган. Қозоғистон раҳбари мамлакатдаги ҳар бир оила миллий бойликлардан тегишли улушини олиши кераклигини таъкидлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter