2.02.2020 йилгача Хитойда тўй бўлмайдими?
Хитой ҳукумати мамлакатда коронавирус тарқалганлиги боис 2 февралгача никоҳ маросимларини қолдиришни тавсия этди, дейилади ХХР фуқаролик маъмурияти вазирлиги баёнотида.
Хитойда кўпгина ошиқ-маъшуқлар ўз никоҳларини 2.02.2020 йилда қайд этишни умид қилишаётганди. Чунки бу рақамлар бирикмаси хитой тилида «сизни севаман» жумласи билан ҳамоҳанг бўлиб, «минг йилда бир марта» келади.
Бу кун дам олиш кунига тўғри келган бўлишига қарамай, мамлакатдаги кўпгина ҳудудлар «муҳаббатни деб» 2 февраль куни никоҳларни қайд этиш учун аризаларни қабул қилишга рухсат берганди.
Аввалроқ никоҳларни 2 февраль куни қайд этиш Пекин ва Хубэй провинцияларида расман бекор қилинганди.
«Никоҳларни қайд этиш билан шуғулланувчи ташкилотлар бутун Хитой ҳудуди бўйлаб мунтазам хоналар дезинфекциясини амалга ошириши ҳамда ходимларнинг тана ҳароратини текшириши зарур. Никоҳларни 2 февраль куни қайд этишни эълон қилган барча ташкилотлар буни бекор қилиши ва бу ҳақда жамоатчиликни хабардор қилиши зарур», — дейилади баёнотда.
Оддий иш кунлари муассасаларга кўп одамлар қатнашадиган маросимлардан сақланиш ҳамда тўй зиёфатларини бекор қилиш тавсия этилади.
Хитой ҳукумати 2019 йил 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотига мамлакат марказида жойлашган Ухань шаҳрида номаълум зотилжам тарқаганлигини маълум қилди. Мутахассислар касаллик қўзғатувчисини аниқлашди – бу 2019-nCoV коронавируси. Бугунги кунда Хитойда 213 нафар киши коронавирус қурбонига айланган бўлса, тахминан 9,7 минг киши касалликни юқтирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter