18 йиллик қамоқдан сўнг айбсиз деб топилган шахсга 3,5 миллион доллар тўланадиган бўлди
Польшада истиқомат қилувчи Томаш Коменда 18 йиллик қамоқ жазоси учун қарийб 13 миллион злотий (тахминан 3,5 миллион доллар) оладиган бўлди.
Ўн саккиз йил муқаддам Польшанинг кичик бир шаҳарчасида 15 ёшли қиз ҳалок бўлган — уни зўрлашиб, совуқда қолдириб кетишган. 23 ёшли Коменда ушбу жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 25 йилга озодликдан маҳрум этилган. Яқинда ишга оид янги маълумотлар, хусусан, маҳкумнинг айбсизлигини исботловчи экспертиза хулосалари пайдо бўлди. Натижада Томас Коменда қотиллик ва зўрлашда айбсиз деб топилди ва 18 йил турмада ўтириб чиққандан сўнг жазодан озод қилинди.
Озодликка чиққандан сўнг Коменда давлатдан товон пули талаб қилишга қарор қилди ва суд орқали унга қамоқда ўтказган ҳар бир йил учун бир миллиондан, жами 18 миллион злотий (тахминан 4,8 миллион доллар) тўлашни талаб қилди.
RMF FM порталининг хабар беришича, душанба куни Ополе шаҳар суди Комендага компенсация ва товон пули сифатида 12 миллион 811 минг 533 злотий бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Суд мажлиси ёпиқ тартибда ўтказилган.
Aйни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари қизнинг ўлимида ҳақиқий айбдорларни топишга муваффақ бўлишди. Уларнинг иккаласи ҳам 25 йилдан озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter