Android qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Yuklab olish ×

Ургутда 12 йилдан бери қонуний никоҳдан ўтмаган оилага никоҳ гувоҳномаси топширилди

Ургутда 12 йилдан бери қонуний никоҳдан ўтмаган оилага никоҳ гувоҳномаси топширилди

Фото: «Zarnews.uz»

15 май – Халқаро оила куни муносабати билан Ургут туманидаги Пастки Калангар маҳалласи, Истиқлол кўчасида 12 йил бирга яшаб қонуний никоҳдан ўтмаган, шунингдек беш нафар фарзандига ҳам гувоҳнома ололмаган Улуғбек Аблоқулов ҳамда Муножот Рустамовалар оиласига 1-сон ФҲДЁ бўлими томонидан никоҳ гувоҳномаси топширилди.

Парвина, Дурдона, Ўғилой, Шукрона, Норгул исмли қизалоқлар ҳам туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлишди, деб ёзмоқда «Ургут садоси».

«Оила – муқаддас. Унда келажагимиз давомчилари бўлган фарзандларимиз улғайиб, камол топади, – деди Ургут туман ФҲДЁ бўлими мудири Сайёра Турсунова уларга гувоҳномаларни топшираркан. – Ўз вақтида олинмаган ҳужжатлар турли муаммоларга сабаб бўлади ва бу хатони тўғрилаш учун баъзан йиллар керак. Энди ҳар қандай ҳужжатни ўз вақтида олишга ўрганинг. Бугундан бошлаб сиз мустақил Ўзбекистонимиз фуқаролари сафида, мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшасизлар. Қизалоқлар улғайиб, боғчага, мактабга боришади».

«Қувончдан қалблари ҳис-ҳаяжонга тўлган оила соҳибларига ва жажжи қизалоқларга туман ФҲДЁ бўлими томонидан гулдаста ва эсдалик совғалари топширилди», – дея хабар беради «Ургут садоси».

Izohlar

Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring