Android qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Yuklab olish ×

Қарс икки қўлдан чиқади — «темир дафтар»дан чиқмоқчи бўлганлар ҳақида

Қарс икки қўлдан чиқади — «темир дафтар»дан чиқмоқчи бўлганлар ҳақида

Ўтган ой давомида «Темир дафтар» бўйича мамлакатнинг кўплаб туманларида бўлдик. Ҳамма жойда вазият турфа хил — қаердадир яхши иш олиб борилган, бошқа жойда эса унчалик эмас. Аммо деярли ҳамма ҳудудда бир вазиятга дуч келдик — «Темир дафтар»дагилар ҳамма муаммосини ҳам айтавермайди.

Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани, «Фидокор» маҳалласида истиқомат қиладиган Болибеков Хусниддиннинг оиласи ҳам «Темир дафтар»га киритилган. Бир қарашда хонадонда муаммо қолмагандек кўринади. Карантин вақтида 5 марта озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди, давлат томонидан бир марта 1 000 000 ва яна бир марта 880 000 сўм ёрдам пули берилди.

Хусниддин аканинг ўзи иккинчи гуруҳ ногирони, белидаги оғриқ боис оғир меҳнат қила олмайди. Ҳокимлик оила тақдирига бефарқ қолмади ва доимий даромадга эга бўлиши учун хонадон соҳибаси — Болибекова Улжонни ишга жойлаштирди. Ҳозирда у янги очилган «Барака чеварлари» МЧЖда меҳнат қилиб келмоқда. Хомчўтларга қараганда Улжон опа ҳар ой камида 1 500 000 сўм маош олиши керак. Бу пулга ногиронлик нафақаси қўшилса, оила эҳтиёжларига етиши керак.

Муаммо қолмаганми? Деярли.

Улжон опа билан қилган суҳбатимиз чоғида иккита масалада ёрдам сўради. Биринчиси — уй ҳужжатлари. Оила бошлиғи хаста бўлгани боис ҳамма ҳужжатларни тахт қилиб қўя олмаган. Бирор кун келиб панд бериб қолмаслиги учун ҳозирдан тайёрлаб қўйиш керак.

Иккинчиси — Болибеков Хусниддиннинг ногиронлиги бор, аммо ҳар доим ҳам даволана олмайди. Улжон опанинг айтишича, гап яна маблағга бориб тақалади.

Ҳар икки масала ҳам Пайариқ туман ҳокимлиги томонидан ҳал қилинадиган бўлди. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўткир Ҳамроқулов кафил бўлдики, насиб қилса, икки-уч кунда ҳар икки илтимос бажарилади.

Аммо бу ўринда масала буткул бошқа томонда — матбуот аралашмаса ҳам Болибековлар иши ҳал қилинган бўлмасмиди? Бўларди албатта, қачонки тегишли идораларга етказилганда.

Афсуски «Темир дафтар»даги оилалар ҳар доим ҳам барча муаммосини айтавермайди. Балки ўзбекона истиҳола бунга ҳалал берар, ёки ҳамон ишончсизлик кайфияти ҳукмрондир. Аммо ҳудудлардаги вазиятдан келиб чиқиб, холис фикр билдирадиган бўлсак — ҳокимликларда вазият дарҳақиқат ўзгарган.

Илгари ҳоким деганда кимни тушунардик? Пахтага жавобгар бўлган энг катта мутасаддини. Шундай эмасми? У хоҳ вилоят ҳокими бўлсин, хоҳ туман, ҳар доим пахта режаси устивор вазифа ҳисобланган.

Аммо энди у замонлар ўтди, кетди. Юқори минбарлардан айтилдики, энди ҳокимлар пахта билан шуғулланмайди. Ҳозир улар халқ ичига кириб боряпти, муаммоларни эшитяпти, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишга интиляпти. Нима учун? Чунки давлат томонидан шундай талаб қўйилган.

Шундай вақтда фуқаролар ҳам ўз муаммосини маҳаллий ҳокимликларга етказиши керак эмасми? Масалани ечиш ва камбағалликдан чиқиш учун ҳар икки томон ҳам ҳаракат қилиши шарт.

Зеро, қарс икки қўлдан чиқади...

Izohlar

Izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting

Kirish

Ijtimoiy tarmoqlar orqali kiring